Чапақайлик

Чапақайлик – ирсиятга боғлиқ ҳолат; бунда баъзи мақсадга мувофиқ ҳаракатларни бажаришда кўпроқ чап қўл ишлатилади. Одам бош миясининг ривожланиш жараёнида фаолиятлар чап ва ўнг ярим шарлар ўртасида тақсимланади. Чап ярим шар зиммасига нутқ, ўқиш, ёзиш, ҳисоблаш, аналитик фаолиятнинг (логик, математик) мураккаб шакллари, ўнг ярим шар зиммасига эса конкрет образли фаолият (ташқи оламдаги нарсаларнинг кўриниши, товуши, ранги ва бошқа(лар) бўйича аниқлаш) тушади. Оёк-қўлар ҳаракатини бажаришда иккала ярим шар қатнашади; чап яримшар ихтиёрида ўнг қўл ва оёқ, ўнг ярим шар ихтиёрида чап қўл ва оёқ бўлади. Кўпчилик кишиларда чап ярим шар устунлик қилганидан ўнг қўл кўпроқ иш бажаради; ўнг қўл ёрдамида ишлаш, овқат ёйиш ва бошқа(лар) одатдаги ҳолат. Чапакайларда бош миянинг ўнг ярим шари фаолияти чап ярим шарникидан устун туради. Ривожланишнинг ҳар иккаласи: ўнақайлик ҳам, чапақайлик ҳам нормал ҳисобланади. Бироқ Турмушда ва и. ч. да ҳамма асбоблар ва меҳнат куроллари ўнақайларга мўлжаллангалиги туфайли чапақай болаларни ўнақайликка ўргатиш мақсадга мувофиқ. Ўнақайлик ва чапақайликни аниқлаш невропатологияда муҳим аҳамиятга эга.

[addtoany]