Чатқол санаторийси – тоғ иқлимий курорт. Тошкент ш. дан 55 км узоқликда, Чичик дарёсининг чап соҳилида, денгиз сатҳидан 610 м баландликда жойлашган. Шим.-шарқ ва жан. дан Ғарбий Тяньшаннинг Угом, Писком, Чаткол ва Қурама тоғ тизмалари ўраб туради. Майл. 12,5 га. «Ч.» с. 1975 й. да ташкил этилган, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитасига қарашли тиббий соғломлаштириш маскани. Иқлими қуруқ тоғ ҳавоси, ёзи жазирама эмас, киши илиқ. Йиллик ўртача ҳарорат 11,5°, ҳавонинг нисбий намлиги 50-60 %. Йил давомида 800 мм ёғингарчилик бўлади. Чирчик дарёси яқинлиги туфайли вужудга келадиган гидроаэроионизация ва қуёнинг тўлиқ нури дам олувчилар учун қулай шароит туғдиради.
Даволаш омили кислородга бой мусаффо тоғ ҳавоси. Санаторийда геология соҳасида кўпроқ кузатиладиган кардио-неврологик, юрак-томир, меъда-ичак ва таянч-ҳаракат аъзолари касалликлари билан оғриганлар даволанади. Санаторий яхши кўкаламзорлаштирилган. Ҳудудидан минерал сув чиққан. Таркибида калий, натрий, магний, кальций, хлор каби кимёвий элементлар, шунингдек, гидрокарбонат, кремний кислотаси ва бошқа(лар) бор. Минерал сувдан, асосан, ванналар учун, меъдани ювиш, ичакларни чайиш, ичиш, тюбаж, душ, сув ости массажи қилишда фойдаланилади. Бундан ташқари, физиотерапевтик (даволаш бадан тарбияси, массаж) ва бальнеотерапевтик (циркуляр душ, Шарко душ) муолажалар билан даволаш усуллари хам қўлланади. Санаторийда Шарқ табобати – гиёҳлар билан даволаш ҳамда парҳез билан овқатланишга қатъий риоя этилади.
250 ўринга мўлжалланган ётоқ корпуси, клуб, кутубхона, спорт майдончапари, чойхоналар мавжуд (2015).