Чекиш

Чекиш – айрим тутовчи ўсимлик маҳсулотлари (тамаки, афъюн ва бошқа(лар)) тутунидан нафас олиш. Тамаки чекиш кенг тарқалган зарарли одатлардан бўлиб, чекувчи ва унинг атрофидаги одамлар соғлиғига ёмон таъсир этади; юрак-томир, меъда, ўпка касалликлари ривожланишига олиб келади. Тамаки чеккан одам унга ўрганиб, чекмасдан туролмайдиган бўлиб қолади. Тамаки таркибидаги никотин одам организмига кучли таъсир этиб, у марказий ва периферик нерв тизимига вақтинча қўзғатувчи таъсир кўрсатади, артериал қон босимини оширади, майда томирларни торайтиради; нафасни тезлаштиради ва ҳ. к. Никотин билан бирга тамаки тутунидаги ёйиш маҳсулотлари ҳам организмни заҳарлайди. Тамаки тутунида канцероген моддалар бўлади. Тамаки тутунидан тиш амали шикастланади, кариес, стоматит, гингвит каби касалликлар вужудга келади, у брохлар шиллиқ пардасига таъсир этиб, сурункали бронхит ва ўпка эмфиземасига, кейинчалик тузатиб бўлмайдиган хавфли ўсмалар ривожланишига олиб келади.

Сурункасига узоқ вақт чекиш кишининг тез каришига сабаб бўлади. Тўқималарнинг кислород билан ёмон таъминланиши, майда томирларнинг торайиши чекувчиларнинг ташқи кўринишини ўзгартириб юборади (кўз оки ва тери сарғимтир тусга киради, сўлғинлик пайдо бўлади). Нафас йўллари шиллиқ пардасидаги ўзгариш товушга таъсир этади (товуш бўғиқлшади, одам хириллаб нафас олади). Никотин ёшларга ва кексаларга анча салбий таъсир кўрсатади, чунки уларнинг нерв тизими никотин таъсирига ўта сезувчан бўлади. Чекиш ҳомиладорлик даврида айниқса, зарарлидир, бунда никотин она қонига ўтиб, ҳомилани заҳарлайди.

Чекиш ирсиятни ҳам заҳарлаб, нимжон, нуқсонли фарзандлар туғилишига олиб келиши мумкин.

Чекиш ўта зарарли бўлгани учун кейинги пайтларда қатор мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам чекишга қарши қаратилган бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда, тамаки маҳсулотларини реклама қилиш ва уни болаларга сотиш, жамоат жойларида ва транспортда чекиш тақиқланади ва ҳ. к. Кўпчилик чекувчиларнинг чекишни ташлагандан сўнг киши хасталаниб қолиши мумкин деган гапи асоссиз, чунки заҳардан ўзини тийган киши ҳеч қачон зарар кўрмаган.

Киши ҳар қанча кашанда бўлса ҳам чекишдан кутулиш мумкин. Бунинг учун унда мустаҳкам ирода ва чекишни ташлашга қатъий қарор бўлиши керак. Чекишни ташлаган кишида қандайдир нохушлик, жиззакилик, уйқу бузилиши, баъзан бош оғриғи каби ҳолатлар кузатилади. Лекин булар кейинчалик барҳам топади. Чекишни ташламоқчи бўлганда врач-наркологга учрашиш ва тегишли маслаҳатлар олиш лозим.

[addtoany]