Чимён санаторийси

Чимён санаторийси – бальнеолгик курорт. Фарғона ш. дан 32 км масофада, Катран тизмаси ён бағрида, денгиз сатҳидан 450 м баландликда, Олтинсой дарёси водийсида жойлашган. 1979 й. 17 апрелда ташкил этилган. Майл. 28 га. Санаторийда овқат ҳазм қилиш, қон айланиш, нерв, таянч-ҳаракат тизими, гинекологик ва урологик касалликлар билан оғриган беморлар даволанади. Санаторий 1000 ўринга мўлжалланган, бир-икки кишили палаталари бўлган ётоқ корпусларига эга; у яхши кўкаламзорлаштирилган, гулзор ва майзарали дарахтлари бор. Иқлими континентал; ёзи иссиқ, қуруқ, киши юмшоқ, янв. нинг ўртача ҳарорати -1,5°, июлники 26°, ҳавонинг нисбий намлиги 48 %.

Даволаш омили – водород-сульфидли мцеста типидаги минерал сувлар ва Балиқли клининг балчиғи. Бундан ташқари, ичиш учун сульфат-гидрокарбонат-натрийли кучсиз (1 г/л гача) минерал сув ишлатилади.

Минерал сувдан, асосан, ванналар учун, меъдани ювиш, ичакларни чайиш, тюбаж, душ, сув ости массажи қилишида фойдаланилади. Бундан ташқари, физиотерапия, даво физкултураси, шифобахш балчиқли аппликация билан даволаш усуллари ҳам қўлланилади.

Сульфидли сувлар одам организмига тери шиллиқ каватлари ва нафас йўллари орқали тушганда шифобахш таъсир қилади, эркин водород-сульфиди борлиги туфайли одамни соғломлаштиради. Улар энергия алмашинувига таъсир қилиб, Томирлар ўтказувчанлигини оширади, регенератив жараёнларни фоллаштиради, юрак фаолиятини кучайтиради, артериал босимни пасайтиради, оғриққа ҳамда яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади ва ҳ. к. Санаторий замонавий тиббий асбоб-ускунлар билан жиҳозланган; унда ётоқ корпусларидан ташқари маданият саройи, кутубхона, спорт майдончалари, маданий-маърифий бинолар мавжуд (2015). Болалар ва ота-оналари учун йил бўйи ишлайдиган бўлим ҳам бор (200 ўринли).

[addtoany]