Чиқариш тизими

Чиқариш тизими, айириш тизими, экскретор тизим – тирик организмларда ортиқча сув, моддалар алмашинувининг охирги маҳсулотлари, туз, шунингдек, унда ҳосил бўладиган ёки ташқи муҳитдан кирадиган заҳарли моддаларни организмдан ташқи муҳитга чиқариб турадиган аъзолар мажмуи. Одам ва юксак сут эмизувчилар чиқариш тизими бир жуфт буйрак, улардан бошланадиган бир жуфт сийдик йўли, қовуқ ва сийдик тўқиш найидан иборат. Бир ҳужайралиларда сувда эрийдиган алмашинув маҳсулотлари (аммиак, мочевина) диффузия йўли билан ёки қисқарувчи вакуолалар орқали, тубан сув ҳайвонлари (ғовактанлилар, бўшлиқичлилар)да тана юзасидан диффузия йўли билан чиқарилади. Кўпчилик кўп ҳужайрали умуртқасиз ҳайвонларда ичак ҳам чиқариш вазифасини бажаради. Эволюция жараёнида ҳайвонларда ихтисослашган махсус чиқариш тизимии пайдо бўлади. Тубан чувалчанглар, приапулидлар, айрим ҳалкалилар, кўп туклилар ва моллюскалар личинкасида чиқариш тизими – протонефридийлар, ҳалкапи чувалчангларда метанефридийлар. Қискичбақасимонлар чиқариш тизими антеннал ва максиляр безлардан иборат.

Қуруқликда ҳаёт кечиришга ўтиш намлини тежашни талаб қилади. Шу боис сувда осон эрийдиган аммиак ва мочевина қийин эрийдиган гуанин (ўргимчаксимонлар) ёки сийдик кислотаси билан (кўпоёқлилар, ҳашаротлар, суралиб юрувчилар, кушлар) алмашинади. Қуруқликда яшовчи бўғимоёқпиларда чиқариш тизими ичак девори ёки мальпиги найчаларидан иборат. Чиқариш маҳсулотлари орқа ичакка ўтиб, ундаги моддалар алмашинуви маҳсулотлари чўмага тушади, сув эса ичак девори орқали яна қонга сўрилади. Сувсизланган чиқариш маҳсулотлари ҳазм бўлмаган озиқ қолдиқлари билан анал тешигидан ташқарига чиқарилади.

Бир қанча умуртқасиз ҳайвонларда чўкмга тушган чиқариш маҳсулотларини тўпловчи буйраклар бўлади. Бу вазифани нематодаларда махсус ҳужайралар, ёмғир чувалчангларида хлороген ҳужайралар, ҳашаротлар ва кўпоёлиларда ёғ таначалари, заҳкашлар (қуруқликда яшовчи қискичбақасимонлар)да жигар ўсимтлари бажаради.

Хордалилардан қобиклиларнинг чиқариш тизими тўпловчи қопчалардан иборат. Ланцетнининг жабралари яқинида жойлашган нефрмиксийлар деб аталадиган чиқариш тизимининг бир учи жабра олди бўшлигига, иккинчи учи эса тана бўшлигига очилади. Умуртқали ҳайвонлар чиқариш тизими типик целомодуктлардан иборат. Целомдуктлар тўплами буйракларни ҳосил қилади; буйраклардан бошланадиган сийдик йўли бевосита клоакага ёки қовукка, қовуқ эса сийдик тўқиш найи орқали ташқарига очилади. Айрим умуртқали ҳайвонларнинг денгизда яшашга мосланиши ортиқча тузни ажратадиган махсус чиқариш тизимини, масалан, пластинкажабрали баликларда ректал безлар, судралиб юрувчилар ва кунларда туз безларининг ривожланиши билан боғлиқ. Чўлда яшовчи сут эмизувчиларда эса сийдининг осмотик концентрацияси кўтарилади.

Умуртқали ҳайвонлар эволюцияси ва индивидуал ривожланиши давомида пронефрос (бош буйраги), мезонефрос (тана буйраги) ва метанефрос (чаноқ буйрак ёки иккиламчи буйрак) деб аталадиган буйраклар кетма-кет алмашинган (яна қ. Буйрак, Нафас, Тери).

[addtoany]