Иммун статус

Иммун статус, иммун ҳолат-иммун тизимининг ҳужайравий ва гуморал омилларини клиник ва лаборатор-иммунологик усуллар ёрдамида аниқланган миқдорий кўрсаткичлари. Иммунологик кўрсаткичлар кишиларнинг ёшига, яшаётган географик муҳитига, экологик вазият ва эпидемиологик ҳолатга қараб ўзгаради. Иммун статусни аниқлаш нафақат одамнинг ҳоз. ҳолатини баҳолаш, балки экологик ва хавфли антропоген (физик, кимёвий ва биологик) омиллар таъсирида унинг келажакдаги соғлиғини олдиндан айтиб бериш имконини беради. Бундан ташқари, одам иммун статусни баҳолаш орқали иммунтанқислик ҳолатларига юқори мойиллиги бўлган кишиларнинг хавфли гуруҳини тузиш ҳамда унинг асосида иммутиклаш ва иммунопрофилактика усулларини ишлаб чиқиш мумкин бўлади.

Замонавий тиббий иммунологияда иммун статусни баҳоловчи усуллар мавжуд. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига асосланиб, акад. Р. В. Петров томонидан 1984 й. «Одам иммун статусини баҳолаш» услубий қўлланмаси ишлаб чиқилган, унга асосан баҳолаш усуллари икки даражага бўлинади. Биринчи даража усулларида иммун ҳолатда ўзгариш бор ёки йўқлиги 1-2 кун ичида тахм. баҳоланади. Агар бунда ўзгаришлар топилса, иммун тизимдаги нуқсонни чуқур ва тўлиқ аниқлаш учун иккинчи даража усуллари қўйилади. Бу текширишлар натижаси 5-6 кунда билинади.

Р. В. Петров ҳамкасблари билан МДҲ давлатларида яшайдиган соғлом аҳоли маълум бир қисмининг иммун тизим кўрсаткичларини ўрганиб, ҳар хил ҳудудлар аҳолиси учун иммун статуснинг бир неча турини белгилади.

Ўзбекистон аҳолисининг иммун статуси Ўзбекистон ФА Иммунология институти ходимлари томонидан ўрганилади. Дастлабки натижаларга кўра, республиканинг ҳар хил вилоятлари аҳолисида гуморал иммунитет супрессияси бор, ҳужайравий иммунитет кўрсаткичлари меъёрида ёки қисман пасайган; гуморал бўғим фаоллашган. Иммун статус ҳамда унинг аралаш тури кузатилади (бунда ҳужайравий бўғим супрессияси ва гуморал бўғимнинг маълум бир кўрсаткичлари ошади). Бу ҳолатларни шу геграфик-иқлим ҳудудида яшовчи халқ иммун тизимининг табиий шароитга мослашуви сифатида қабул қилиш мумкин.

[addtoany]