Иммуногенетика

Иммуногенетика [иммунитет ва генетика] – иммунитетнинг генетик механизмини ўрганадиган биологик фан. Иммуногенетика иммунитет ва иммун реакциялар бошқарилиши асосини ташкил этадиган ирсийланиш ва ўзгарувчанлик қонуниятларини ўрганади ҳамда иммунологик методлар ёрдамида иммунитетнинг генетик механизмларини очиб беради. Иммуногенетика 20-а. бошларида одам ва ҳайвонлар қон гуруҳларининг ўрганилиши ҳамда организмнинг токсинлар ёки инфекцияларга таъсирчанлиги уларнинг ирсий хусусиятларига боғлиқлиги аниқланиши билан фан сифатида шакллана бошлади. Иммуногенетика иммунология, генетика, молекуляр биология, биокимё билан боғланган. У антигенларни ситезловчи ва иммун реакцияларни бошқарувчи генлар кодининг (қ. Генетик код) кашф этилиши туфайли ривожланади. Органларнинг кўчириб ўтказилиши ва қон қўйишда тўқималарнинг мос келмаслиги ҳайвонлар ҳужайраси сиртида жойлашган тўқималар мувофиқлиги ген фаолияти туфайли синтезланган маҳсулот билан боғлиқ. Шу сабабдан иммунологик жиҳатдан бир-биридан кам фарқ қиладиган донор ва реципиентларни танлаб олиш трансплантация ишларининг муваффақияти гарови ҳисобланади. Тўқималар мувофиқлиги генларнинг ўрганилиши натижасида одам организмининг кўпчилик касалликларга (склерознинг айрим шакллари, ревматоид артрит, болалар диабти, гижжа) таъсирчанлиги ана шу генларнинг муайян аллелларига боғлиқлиги аниқланган. Ҳужайра ташқи мембранаси антигенларига вируслар (шу жумладан, онковируслар) бирикиб олиши туфайли бу антигенлар организмни вирус инфекциясига таъсирчан қилиб қўяди. Тўқима мувофиқлиги антигенлари синтезини кодпаштирувчи генлардан ташқари иммун реакцияларни бошқарувчи доминант 1г. генлар ҳам бўлади. Иммуногенетика «бегона»ни иммун билиб олиш механизмини ҳам ўрганади. «Бегона»ни билиб олиш структураларига В-лимфоцитлар ва уларнинг аналоги Т-лимфоцитлар сиртида жойлашган иммуноглобулин рецепторлар киради. Иммуноглобулин полипептид занжирининг синтези иккита (V ва С) ген орқали кодланади; V – антителонинг спецификлигини, С – унинг қайси гуруҳ (синф, кенжа синф, тип)га мансублигини белгилайди. Иммун жавобнинг шаклланишида иммункомпетентли ҳужайраларнинг ўзаро таъсири омилларини ҳамда иммун тизимининг ирсий зарарланишини ўрганиш ҳам иммуногенетика вазифасига киради. Бу соҳадаги ишлар трансплантология, трансфизиология, клиник иммуногенетика, наслчилик ишларида катта аҳамиятга эга.

Загрузка...