Иммунология

Иммунология [иммунитет ва логия – фан] – тиббий-биологик фан; организмнинг генетик жиҳатдан унга ёт бўлган белгилар (антигелик хусусиятига эга тирик таналар ва моддалар таъсирига нисбатан ўзига хос антигенлик бирлигини сақлашга қаратилган реакциялари. Иммунитетнинг умумбиологик асосларини, унинг вужудга келиши ва эволюциясини, тўқималар антигенларининг наслдан-наслга ўтишини, антителолар ва антигенларннт кимёвий тузилиши ҳамда хоссаларини, уларнинг ўзаро таъсири қонуниятларини, иммунологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш усулларини ўрганади. Ҳужайра ва молекула доирасида антителолар ҳосил бўлиш механизмини, антигенларнинг патогенетик ролини, иммун тизимнинг филогенези ва онтогенезини ўрганиш – иммунологиянинг назарий йўналишларидир.

Э. Женнер одамга сигир чечагини эмлаб, одамни чин чечакдан сақлаш усулини ишлаб чиқди (1769). Л. Пастер товукларни вабонинг эски культураси билан иммунлаб, уларни юқори вирулентли микробга чидамли қилиш мумкинлигини аниқлади (1880). Бу кашфиётлар иммунологиянинг мустақил фан сифатида шаклланишига асос бўлди. И.И.Мечников фагоцитозни кашф этди (1887) ва иммунитетнинг ҳужайра (фагцитар) назариясини ишлаб чиқди. Организмга киритилган микробларга жавобан антителолар ишланиши немис бактериолог Э. Беринг ва ҳамкорлари томонидан аниқланди (1890). Немис олими П. Эрлих иммунитетнинг гуморал назариясини илгари сурди (1898, 1900). Организмга бегона эритроцитлар ва зардоб оқсиллари киритилганда ҳам антителолар ҳосил бўлишини бельгиялик олим Ж. Борде билан рус олими Н. Н. Чистович аниқлади (1898-99). Бу кашфиёт одамнинг қон гуруҳларини кашф этди (1900) ва тўқима изоантигенлари ҳақидаги таълимотга асос солди. Иммунология кимё, генетика, физиология, радиобиология ва биол. ҳамда тиббиётнинг бошқа тармоқлари билан узвий боғланган ҳолда тез ривожланди. Ҳоз. Иммунологиянинг қуйидаги йўналишлари бор.

Иммуноморфология – организм иммун тизимининг анатомияси, гистологияси ва цитологиясини ўрганади; бунда гистологик ва цитологик текшириш, ҳужайрани организмдан ташқарида ўстириш; ёруғлик, флуоресцент ва электрон микроскопия, авторадиография ва бошқа(лар) усуллардан фойдаланилади.

Организм ўз тўқималари учун меъёрий бўлмаган компонентлар, яъни ёт моддаларни, масалан, нобуд бўлган ва айниган ҳужайралар, шикастланган молекулалар, ёт ҳужайралар, бактериялар, вируслар, энг содда жониворлар, гельминтлар, уларнинг заҳарлари ва бошқа(лар)ни иммун реакциялар механизмлари ёрдамида зарарсизлантиради, уларни организмдан чиқариб юборади. Иммун реакцияларнинг миқдор таснифини тартибга солиб турадиган омиллар, чунончи, нерв тизими (асосан, гипоталамус), гормонлар, овқатланиш, организмнинг ҳолати (жумладан, чарчаш даражаси) ва ташқи таъсиротларни иммун реакциялар физиологияси ўрганади. Ҳоз. фақат гипофиз ва буйрак усти безлари гормонлари иммун реативликни ўзгартириб қолмай, плацента ҳам она организмининг ҳомила антигенига нисбатан иммун реакциясини маълум даражада томозлай оладиган алоҳида гормон чиқариши аниқланган.

Иммунопатология – организмга шикаст етказадиган иммун реакцияларнигина эмас, балки иммун тизимининг ўзгариши билан давом этадиган касалликларни ҳам ўрганади. Бунда иммун реакциянинг тормозланиши ва кучайтириш усулларига ҳам алоҳида эътибор берилади.

Сўнгги йилларда организмнинг носпецфик таъсирларга нисбатан бирор турдаги ҳужайралар ва микромолекулаларга кўсатадиган реакцияси ҳам ўрганилмоқда. Бу соҳа ноинфекцион иммунология деб аталади. Кўп ҳужайрали ҳар бир организмдаги оқсиллар ва ҳужайра мембраналари ўзига хос тузилган. Ташқаридан киритилган ҳужайра ва молекулалар организм учун бегона бўлиб, организмда уларни чиқариб юборишга қаратилган иммун реакциялар рўй беради. Шу боис кўчириб ўтказилган аъзо ва тўқималарни, энг такомиллашган жарроҳлик техникаси мавжудлигига қарамай, организм қабул қилмайди, чунки аъзо ва тўқималар организмга иммунологик жиҳатдан тўғри келмайди (тўқималарнинг бир-бирига номутаносиблиги, мос бўлмаслиги). Трансплантацион иммунология ана шу тўсиқнинг келиб чиқиш механизмлари ва уни енгиш масалаларини ўрганади. Ноинфекцион иммунологиянинг ўсмалар бўлими эса ўсма антигеларини аниқлаб, хавфли ўсмага айланиб кетган ҳужайраларни олиб ташлаш усулларини ўрганади.

Клиник иммунология – касалликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш мақсадида иммунологик реакциялардан фойдаланиш билан шуғулланади. Нур таъсирида организм иммун реактивлигининг бузилишини ўрганадиган радиацион иммунология, қон ҳужайраларининг антиген таркиби, қон тизимининг иммунологик зарарланиш сабаблари ва ривожланиш механизмини текширадиган иммуногематология ҳам ривожланмоқда.

Иммунология иммунопрофилактика, иммунотерпия ва иммунодиагностика усулларини ишлаб чиқади. Тиббиётнинг гематология, инфектолгия, акушерлик, дерматология ва ҳ. к. соҳалари ҳамда биол. нинг биокимё, эмбриология, генетика ва антропология каби соҳаларида нозик таҳлил (анализ)лар ўтказишда антиген (микроб, вирус, ёт оқсил моддалар ва бошқалар) билан атителоларнинг ўзаро таъсири жуда специфик бўлишига асосланган иммунологик текшириш методлари кенг қўлланилади.

Ўзбекистонда иммунологиянинг ривожланиши академик Ў. Орипов номи билан боғлик. Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлигига қарашли Иммунология илмий текшириш ин-ти, Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд тиббиёт ин-ти, Тошкент педиатрия тиббиёт ин-ти, Фтизиатрия ва пульмонология, Онкология, Дерматовенерология илмий тадқиқот муассасаларида иммунологиянинг турли соҳаларида илмий текшириш ишлари олиб борилади. Олимлардан Р. М. Ҳайитов, Н. Ҳ. Абдуллаев, О. М. Нажмидднов, Ф. Ф. Гариб, А. О. Обидов ва бошқаларнинг бу соҳадаги хизматлари салмоқли.