Иммунотерапия [иммунитет… ва терапия] – бемор организмига вакциналар, шифобахш зардоблар (биопрепаратлар) юбориб, инфекцион касалликларни даволаш. Бунда организмга киритилган вакцина беморнинг ўз кучларини инфекцияга қарши курашга сафарбар қилишига туртки беради. Шифобахш зардоблар билан даволашда организм муайян инфекцион касаллик микроби ёки шу микроб токсинларидан ҳимоя қиладиган иммун жисмлар (антителолар)ни тайёргина олади. Бундай ҳолда иммунитет 1-1,5 ойгина сақланиб туради. Иммунотерапияга асосан ўткир инфекцион касалликлар (дифтерия, куйдирги ва ҳ. к.)да серотерапия, вакцинотерапия (бруцеллёз, фурункулёз каби касалликлар узоқ чўзилганда) ва бошқа(лар) киради. Вакцинотерапияда автовакцина ва анатоксидан ҳам фойдаланилади. Кейинги йилларда узоқ вақтгача тузалмайдиган касалликларни, масалан, ўсмаларни носпецифик силга қарши вакцина (БЦЖ) билан даволаш ҳам иммунотерапияга киритилди.
[addtoany]