Имплантация

Имплантация [лот. im… (in) – ичида ва plantatio – ўтказиш, кўчириб ўтказиш] – одам ва ҳайвонларда ҳужайралар ва тўқима элеменларининг ўз-ўзидан кўчириб ўтказилиши ва ёпиштирилиши. Одам ва кўпчилик сут эмизувчиларда имплантация муртак (бластоцист)нинг урғочиси бачадонига ёпишишидан иборат. Бу жараён бластоцит ва бачадон деворининг фаоллиги туфайли амалга ошади. Имплантация натижасида муртак билан она организм қон айланиш тизими ўртасида функционал бирлик вужудга келади ва йўлдош ҳосил бўлади. У 3 хил усулда амалга ошади. Марказий имплантацияда муртак бачадон бўшлиғида қолади (қўлқанотлилар, кавш қайтарувчилар), эксцентрик И. да муртак бачадон деворига қисман ботиб киради (кемирувчилар) ва интерстициал И. да муртак бачадон деворига тўлиқ ботиб киради (одам, приматлар). Тўқималарнинг бир қисми ёки органларни сунъий кўчириб ўтказиш трансплантация, сунъий органларни одам ва ҳайвонлар организмига киритиш эса И. дейилади.

[addtoany]