Импотенция

Импотенция [лот. impotentia – кучсиз, заиф], жинсий заифлик – эркакнинг жинсий алока қилишга беқувватлиги; расо жинсий алоқа қила олмаслик. Бунда жинсий фаолият – жинсий майл, эрекция (жинсий олат, яъни закар таранглиги), эякуляция (уруғ отилши) ёки оргазм (хуш ёкиш сезгиси) бузилиши мумкин. Импотенциянинг сабаблари жинсий аъзолар, эндокрин тизим, периферик нервлар ва бош мия олий бўлимлари фаолиятининг бузилиши билан боғлик. Импотенция мустақил касаллик бўлмай, балки, одатда, азалдан мавжуд касаллик асорати бўлиши хам мумкин.

Касаллик бир неча хил бўлади. Мояк истилоси, жинсий олат соҳасида чандиқ ҳосил бўлиши ва бошқа(лар) органик импотенцияга сабаб бўлади. Бош миядаги органик ва функционал касалликлар кортикал (церебрал) импотенцияга олиб келади, бунда, асосан, эрекция, эякуляция ва жинсий майл издан чиқади. Шикастланиш, сурункали юқумли касалликлар (захм, сил), интоксикация (маргимуш, алкоголь ва ҳ. к. дан заҳарланиш), моддалар алмашинувининг бузилиши орқа миядаги эрекция ва эякуляция марказларига зарар етказиб, касалликка сабаб бўла олади (спинал импотенция), бунда эрекция, эякуляция сусаяди. Жинсий ҳаётга муккадан кетиш, жинсий алоқани охирига етказмай тўхтатиш, онанизм билан жуда кўп шуғулланиш, инфекцион касалликлар (сўзак ва бошқа(лар)) билан боғлиқ бўлган сурункали яллиғланиш жараёнларида простата бези, уретра (сийдик чиқариш каналининг орқа қисми ва уруғ дўбоқчасидаги нерв охирлари узоқ таъсирланши нейрорецептор импотенцияга сабаб бўлиши мумкин.

Моякларнинг эндокрин фаолияти бузилганда аксари жинсий майл сусаяди, эрекция бўшашиб ва ҳатто бутунлай йўқолиб кетади. Моякларнинг ёшга алоқадор ўзгаришлари, туғма касаллиги (етилмаганлиги, евнухоидизм) ёки ҳаёт даврида орттирилган касалликлари (шикастланиши, яллиғланиши), бошқа ички секреция безлари (гипофиз, қалқонсимон без, буйрак усти безларининг зарарланиши, моддалар алмашинувининг бузилиши (авитаминоз, диабет ва бошқа(лар)), марказий нерв тизими касалликлари уларнинг эндокрин фаолиятини бузиши мумкин (эндокрин И). Жинсий алоқа чоғида ҳар икки жинс ўртасидаги номуносиб хатти-ҳаракатлар (шунчаки енгил-елпи, юзаки жинсий алоқа қилиш) ҳам жинсий заифликка олиб келади.

Импотенцияни уролог шифокор даволайди; баъзан эндокринолог ва психиатр билан маслаҳатлашиш лозим. Баъзи аёлларнинг жинсий яқинликка бефарқ бўлиши, эрзадалиги (қ. Вагинизм) ҳам касалликка олиб келади. Бундай ҳолларда гинеколог шифокор билан маслаҳатлашиш маъқул. Психотерапия, организмни мустаҳкамловчи дорилар, гормонал препаратлар, витаминлар, ҳар хил табиий усуллар ва бошқа(лар) билан даволаш яхши наф беради.

[addtoany]