Индукция

Индукция (биологияда) – 1) физиологияда – қўзғалиш ва тормозланишдан иборат нерв жараёнларининг ўзаро динамик таъсири. Бунда нерв ҳужайраларидаги тормозланиш қўзғалини вужудга келтиради (мусбат индукция) ёки, аксинча, энг аввал ҳосил бўлган қўзғалиш жараёни томозланишни вужудга келтиради (манфий индукция). Мусбат ва манфий индукция 2 хил бўлиши мумкин;

1) бир вақтда борадиган (симультан) индукция – бир жойдаги қўзғалиш бир вақтда ўз атрофида тормозланишни ҳосил қилади ва кучайтиради, тормозланиш ўчоғи эса қўзғалиш жараёнини вужудга келтиради;

2) кетма-кет содир бўладиган (сукцессив) индукция, бунда бирор нуқтада пайдо бўлган қўзғалиш таъсири тўхтагандан сўнг тормозланиш вужудга келади ёки аксинча;

3) эмбриология да – ривожланаётган эмбрион бир қисми (индукторлар)нинг иккинчи қисмга (таъсирланувчи тизимга) таъсири. Бу ҳодиса қисмлар бир-бирига тегиб турганда рўй беради ва таъсирланаетган тизимнинг ривожланиши йўналишини белгилайди. Индукцияни 1901 и. немис эмбриологи X. Шпеман сувда ва қуруқликда яшовчилар эмбрионида эктодермдан кўз гавҳарининг ҳосил бўлишини ўрганиш орқали аниқлаган. Кўз муртаги (бошланғичи) олиб ташланганда гавҳар пайдо бўлмаган. Эмбрионнинг биқинига кўчириб ўтказилган кўз муртаги, одатда, тери эпидермисига айланадиган эктодермадан гавҳар ҳосил қилган. Гаструла эктодермасидан марказий нерв тизими муртаги пайдо бўлишига хордомезодеманинг индукцияловчи таъсир кўрсатишини кейинчалик Шпеман аниқлади; бу ҳодисани у бошланғич эмбрионал индукция, индуктор (хордомзодерма)ни эса бошқарувчи И. деб номлади. Ривожланаётган организм қисмларини кўчириб ўтказиш ва уларни алоҳида ёки аралаш ўстириш устида олиб борилган текширишлар бу жараён ҳамма хордалилар ва кўпчилик умуртқасиларда кенг тарқалганлигини кўрсатди.

Ҳайвон ва ўсимлик организмларнинг индивидуал ривожланишидаги бошқа кўп ҳодисалар ҳам «И.» деб аталади. Жинсий гармонларнинг иккиламчи жинсий белгилар ҳосил қилиш И. си бунга мисол бўлади.

[addtoany]