Индуцирланган ферментлар

Индуцирланган ферментлар, адаптив ферментлар – синтезланиш тезлиги тирик организмларнинг яшаш шароитига қараб ўзгариб турадиган ферментлар. Индуцирланган ферментларнинг синтезланиши индукторлар (фаолаштирувчилар) таъсирида генетик даражада бошқарилади. Бу жараён индукторлар ёрдамида амалга оширилади. Индукторлар сифатида субстратлар, метаболитлар, шунингдек, гормонлар иштирок этиши мумкин. Одатда, индуцирланган ферментлар организмда жуда кам миқдорда учрайди. Бироқ, муҳитга субстракт ёки бошқа индуктор қшилса, ферментлар концентрацияси қисқа вақт ичида минг марта, ҳатто ундан кўпроқ ошиши мумкин. Бундай хусусият организмларнинг янги шароитга тез мослашишига имкон беради. Индукция механизми индуцирланган ферментлар синтезини назорат қиладиган генлар таъсирининг дерепресияланишидан иборат. Индуцирланган ферментларга мисол қилиб, айрим микроорганизмларни синтезлайдиган б-галактозидаза (лактозани моносахаридларгча гидролитик парчаланишини катализлайди) ферментини кўрсатиш мумкин. Бу фермент озиқли муҳитда карбон манбаи фақат лактоза ёки унинг аналоглари бўлгандагина синтезлнади.

Загрузка...