- /
- /
- /
Ингичка ичак
Ингичка ичак – одам ва умуртқали ҳайвонлар ичагининг бир қисми; меъда билан йўғон ичак оралиғида жойлашган. Ингичка ичак ҳазм йўлининг энг узун қисми; у меъданинг охирги чиқиш қисмидан бошланиб, йўғон ичакнинг бошланғич қисмигача давом этади; ўзунлиги 5-6 м. У ўн икки бармоқ ичак, оч ичак ва ёнбош ичакдан иборат. Ун икки бармоқ ичак ингичка ичакнинг бошланғич қисми бўлиб, ўз. 25-30 см (тахм. 12 бармоқ энича), шакли такага ўхшаш. Ўн икки бармоқ ичакдан оч ичак бошланиб, ингичка ичакнинг 2/5 қисмини ташкил этади. Оч ичак ёнбош ичакка уланиб кетади: у ингичка ичакнинг 3/5 қисмига тенг. Ингичка ичак деворлари сероз, сероз ости, мушак, шиллиқ парда ости ва шиллиқ пардадан иборат. Шиллиқ парда И. и. нинг энг ички қавати бўлиб, бурмалар ҳосил қилиб жойлашган. Унинг юзаси жуда кўп ворсинкалар билан қопланган; ворсинкаларда лимфа ва қон Томирлар ҳамда нервлар бор. Унинг бу каватида 4 млн. га яқин сўрғичлар мавжуд. Овқат бўтқаси меъдадан ўн икки бармоқ ичакка ўтгач, меъда ости бези шираси, жигардан ажралган ўт ва ичак ширалари билан аралашиб шимилишга тайёр бўлади ва сўрғичлар орқали қонга сўрилади. Ингичка ичакнинг ҳамма қисмида ичак шираси ишлаб чиқарадиган безлар бўлиб, улар овқат парчаланишида муҳим роль ўйнайди. Ингичка ичакнинг ўн икки бармоқ ичак қисми қорин деворининг орқасида I — III бел умуртқалари қаршисида жойлашган. Унга асосий ҳазм безларининг йўллари, жигар ва ўт пуфагининг ўт йўллари, меъда ости безининг шира чиқариш йўли очилади. Оч ва ёнбош ичак бўшлиғининг марказий қисмини эгаллайди ва бир ғилай қовузлоклар ҳосил қилади.