Инкубацион давр

Инкубацион давр [лот. incubatum – тинч ётмоқ], яширин давр, инкубация – инфекцион касаллик юққан пайтдан тортиб дастлабки белгилари пайдо бўлгунча ўтадиган вақт. Инкубацион даврда микроблар ва уларнинг токсинлри организмда кўпаяди ва тўпланади. Турли касалликларда бу д. нинг давомийлиги турлича. У одам организмининг аҳволи, инфекцияга қаршилик кўрсатиши, иммунитет бор-йўклиги, шунингдек, организмга кирган касаллик микробларнинг миқдори, вирулентлигига, организмга кирган жойи ва бошқа(лар) сабабларга боғлиқ. Муайян касалликдан сақлаш мақсадида инкубацион даврни узайтириш мумкин. Аҳоли ўртасида юқумли касалликларнинг тарқалиш тезлиги инкубацион давр узунлигига боғлик. Бу даври қисқароқ бўлган инфекцион касалликлар (масалан, грипп) инкубацион даври узун касалликларга нисбатан тезроқ тарқалади.

Инфекцион касалликнинг И. д. ини билиш ташхис қўйиш ва касалликнинг юқиш манбаларини аниқлаш учун катта аҳамиятга эга. Инкубацион давр охирига яқин, касалликнинг рўйи рост белгилари тўла намоён бўлгунча, масалан, вабо, кўкйўтал, скарлатина, тепки, қизамиқ билан оғриган бемор касаллик микробларини ташқарига чиқараверади. Демак, у шу даврнинг охиридаёқ теварак-атрфдагиларга хавф туширади, шунинг учун беморни ажратиб (алоҳидалаб) қўйиш зарур.

Безгак, зотилжам ва бошқа баъзи касалликларда И. д. дан кейин касаллик белгилари биратўла юзага чиқади. Ич терлама, қизамиқ, қутуриш ва бошқа касалликларда бу даврдан кейин характерли белгилар пайдо бўлгунча Продромал давр ўтади.

[addtoany]