Иннервация

Иннервация [лот. in – ичга, nervus – нерв] – одам ва ҳайвонлар аъзолари ҳамда тўқималарининг марказга интилувчи ва марказдан қочувчи нерв (асаб) толалари орқали марказий нерв тизими билан боғланиши. Тўқима ва аъзолардаги қўзғалиш марказга интилувчи (афферент) нерв толаларидан марказий нерв тизимига боради ва ундан марказдан қочувчи (эфферент) нерв толалари орқали ишчи аъзоларга қайтади. Иннервация туфайли организм ташқи ва ички муҳит таъсирига жавоб қайтаради. Айрим аъзолар (масалан, скелет мушакларининг фаолияти фақат эфферент иннервация ҳисобига рўй беради. Баъзи аъзолар (масалан, юрак, ичак қисқариши) шу аъзоларнинг ўзида пайдо бўлган импульслар таъсирида иннервация ланади (яна қ. Нерв бошқарилиш).

[addtoany]