Иқлим билан даволаш

Иқлим билан даволаш, климатотерапия – даволаш ва соғломлаштириш мақсадида доимий тураржойларда ёки махсус иқлим курортлари ва санаторийларда иқлим хусусиятлари (ҳаво ҳарорати, намлиги, атм. босими ва ҳ. к.)дан фойдаланиш.

Иқлим билан даволашни иқлимий вақтинча ўзгартириш (санаторий ва курортларда мавсумий даволаниш даврида) ёки беморнинг ўрганиб қолган жойида қўллаш мумкин. Мустақил даво сифатида, шунингдек, бошқа даво турлари билан бирга ўтказилади. Иқлим билан даволашга ҳаво билан даволаш – аэротерапия, қуёш билан даволаш – гелиотерпия (қ. Ҳаво ва қуёш ванналари), денгизда чўмилиш (қ. Талассотерапия) киради. Талайгина касалликларда (организм реактивлиги юқори бўлганида) иқлим билан даволаш асосий даво омилларидан бири ҳисобланади. Лекин иқлимий кескин ўзгартириш (масалан, шим. р-нлардан жан. р-нларга бориш) кучли таъсир қиладиган омил бўлиб, организмнинг мослашув имкониятларига анча оғирлик қилади. Болаларга, хусусан, ёш болаларга, кексаларга, узоқ вақтдан бери касал бўлиб юрган, нафас, юрак-томир фаолиятлари ва организмнинг бошқа тизимлари бузилган одамларга, нерв тизими заиф беморларга иқлимий бу хилда ўзгартириш зарар қилади. Уларда мослашув механизмлари сусайганлиги туфайли янги иқлим шароитларига мослашиш (қ. Иқлимга мослашиш) даврида касаллик зўрайиши ёки одамнинг умумий аҳволи ёмонлашиши мумкин. Иқлимли курортга боришдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш лозим. Одатда, беморнинг шахсий хусусиятлари, ёши, касаллик босқичи ва кечишини, йил фасли ва бошқа(лар)ни ҳисобга олиб шифокор буюрган муолажалар, шунингдек, унинг тавсияси ва назоратида тегишли иқлимли курортда муолажалар ўтказиш нерв тизимининг бошқарув фаолиятини яхшилайди, организмнинг мослашув механизмини такомиллаштиради, атроф муҳитнинг турли ноқулай об-ҳаво омилларига чидамини оширади, организмни чиниқтиради (қ. Организмни чиниқтириш). Шаҳардан ташқарида жойлашган маҳаллий санаторий ва курортларда иқлим билан даволаш муолажалари комплекс равишда (ҳаво ванналари, қуёшда тобланиш, чўмилиш), шунингдек, организмнинг ҳолатига қараб бир неча тартиб асосида ўтказилади. Даволаниш тартибдан бошланади, унинг таъсирида бемор аъзо ва тизимларининг физиологик фаолиятлари ниҳоятда кам зўриқиш билан кечади.

[addtoany]