Меъда ости бези – одам ва ҳайвонлардаги йирик без. Анатомик-физиологик хусусиятларига кўра, ташқи (экзокрин) ва ички (эндокрин) секреция бези; панкреатик шира ҳамда инсулин ва глюкагон гормонларини ажратади; улар бевосита қонга ўтиб, карбонсув ҳамда ёғлар алмашинишини бошқаради; овқат ҳазм қилишда иштирок этади. Меъда ости бези мураккаб тузилган аралаш безлар туркумига киради. У катталиги жиҳатдан жигардан кейин иккинчи ўринда туради. Қорин бўшлиғида, меъда орқасида, ўн икки бармоқ ичакка яқин (қ. Ичак), бел умуртқаларининг каршисида кўндаланг жойлашган. Ўз. 12-18 см, вазни 70-80 г атрофида, Безнинг бириктирувчи тўқимадан иборат капсуласи жуда нозик. Без ҳужайралари меъда ширасиии ажратади. Меъда ости безининг чиқарув йўллари йириклашиб ва бир-бирига қўшилиб бориб, бош чиқарув йўлига қўйилади, бу йўл без бўйлаб бориб, умумий ўт йўли билан бирга ўн икки бармоқ ичакка очилади. Меъда ости бези касалликларидан панкреатит, ўсма ҳосил бўлиши, инсулин ишлаб чикарилиши бузилганда қандли диабет кузатилади.