Меъда шираси

Меъда шираси – меъда (ошқозон) шиллиқ пардасининг турли без ҳужайраларидан ишланиб чиқадиган овқат ҳазм қилиш шираси; рангсиз, тиниқ, нордон суюқлик. Унда хлорид кислота ва бир қатор минерал тузлар, шунингдек, ферментлар (асосан, пепсин ва бошқа(лар)) бор. Одам меъда шираси даги хлорид кислота концентрацияси 0,4—0,5 % га тенг. Хлорид кислота овқатни ўзлаштиришда муҳим роль ўйнайди. У овқат луқмаларини намлаб юмшатади, меъда ширасининг ферментларини фаоллаштиради, микрооргнизмларни ўлдиради, меъда ости безининг ферментлар ишлаб чиқаришини кучайтиради, овқат ҳазм қилиш гормонларининг ҳосил бўлишига ёрдам беради. Меъда шираси даги хлорид кислота миқдори «кислоталилик» деган тушунча билан юритилади. Кислоталилик ҳамма вақт бир хил бўлмайди, у шира ажралишининг тезлигига, ишқорий реакцияга эга бўлган меъда шилиғининг нейтраллаш таъсирига боғлик; овқат ҳазм қилиш тизими аъзоларининг касалликларида ҳам кислоталилик ўзгаради. Маълумки, меъда бези ҳужайралари асосий, копловчи ва кўшимча ҳужайраларга бўлинади, уларнинг ҳар қайси гуруҳи ширанинг маълум бир таркибий қисмини ишлаб чиқаради. Қўшимча ҳужайралар меъда ширасини қовушқоқ қилувчи шиллиқ ажратади, ана шу шиллиқ хлорид кислотани нейтраллайди ва меъда ширасининг кислоталилигини камайтиради, шиллиқ пардани таъсирлардан сақлайди ва меъдага тушган озиқ маҳсулотларни ўзлаштиришда иштирок этади. Меъда шираси таркибида ферментлар, шиллиқ ва хлорид кислотдан ташқари, бир қатор органик ва анорганик моддалар, шунингдек, ингичка ичакда витамин В12 нинг сўрилишини таъминлайдиган Қасд фактори деб аталувчи махсус модда бўлади; у кўмикда қизил қон таначалари (эритроцилар)нинг нормал етилиши учун зарур. Меъда, ичак, жигар, ўт пуфаги ҳамда қон касалликларида, шунингдек, руҳий ҳаяжонланиш ва қайғу таъсирида ҳам М. ш. нинг миқдори ва таркиби ўзгариши мумкин. Меъда ширасини зонд билан олиб текшириш диагностик аҳамиятга эга.

[addtoany]