Меъдани ювиш

Меъдани ювиш – турли моддалардан заҳарланганда, сифатсиз овқат еб қўйганда, шу моддалар ёки овқат қолдиқларини меъдадан чиқариб ташлаш мақсадида қўлланилган муолажа. Беморнинг аҳволига қараб у ўтирган ёки ётган ҳолатида қилинади. Меъда зонд билан ёки оддий усулда ювилади. Зонд орқали ювганда 600-800 мл илик сувга 2 % ли натрий гидрокабонат ёки калий перманганат эритмаси қўшиб меъдага юборилади ва қайта сўриб олинади. Меъдага юбориладиган сув тоза бўлиб қайтиб тушмагунича меъдани ювиш такрорланаверади. Бунинг учун 8-10 л ча суюқлик ишлатилади. Муолажани тиббиёт ходими бажаради. Уй шароитида (ҳаёт учун хавфли заҳарланиш ҳоллари рўй берганида, врач етиб келгунга кадар) ёки зонд билан ювиш мумкин бўлмаганда оддий усул қўлланади. Бунинг учун беморга кетма-кет 5-6 стакан илиқ сув ичириб кустирилади. Бу оддий усулни бир неча марта такрорлаш лозим. Меъда ювиб бўлингач, бемор иссиқ ўринга ётқизилиб, ором берилади; оғзини чайганидан сўнг 1-2 қултум иссиқ чой ичирилади.

[addtoany]