Мижоз [араб.], темперамент – шахс фаолиятининг шахсий хусусиятлари, яъни алоҳида психик жараён ва ҳолатидаги темпи, ритми, жадаллиги тавсифи, физиологик жиҳатдан нерв тизими фаолиятининг типларига боғлиқ. Бу кишидаги ҳиссиётнинг қўзғалиши ва унинг умумий ҳаракатчанлигида намоён бўлади. Ҳар қайси кишидаги ҳиссиётнинг қўзғалиш тезлиги, кучи ва барқарорлиги ҳар хил. Бу организмнинг атроф муҳит таъсирига жавобан кўрсатадиган ихтиёрсиз реакцияларида, айниқса, яққол кўринади. Бу хусусиятлар ташқи томондан кишининг имо-ишоралари (мимикаси) да ифодаланади. Киши ҳиссиётининг бундай қўзғалувчанлик хусусиятлари диққатнинг кучи ва барқарорлигида, ирода сифатларида, ақлий жараёнлар, жумладан, нутқ тезлигида акс этади. Ихтиёрсиз фаолликнинг қандай юз беришига қараб кишилар сусткаш, лапашанг ёки тезкор, бетоқат, серғайрат каби сифатларга ажратилади. Шу хилдаги шахсий хусусиятлардан кишининг мижози таркиб топади. Мижоз тушунчаси Гиппократ давридаёқ маълум бўлган. Мижоз ҳақида 2 хил назария – гуморал ва морфологик назария мувжуд. Гуморал назария энг қадимги бўлиб, унга кўра, мижоз организмдаги муайян суюқлик (хилт)лар хусусиятлари билан боғлиқ. Бу назарияда Гиппократ таълимоти асосий ўринда туради. Унга кўра, одам темпераментининг турлича бўлиши организмдаги 4 суюқлик – қон, сафро, балғам, қора ўтдинг нисбати билан боғлиқ. Организмдаги қайси суюқликнинг устун бўлишига қараб, одам мижози жиҳатдан 4 тилга: сангвиник, холерик, меланхолик ва флегматик мижоз ларга бўлинади. Бу типларнинг психологик тавсифини И. Кант системалаштирган. Шунга мувофиқ, сангвиник мижоз чаққон, илдам, ҳар хил воқеаларга ҳозиржавоб, ғам-ғусса ва муваффақиятсиликларга бардошли, таассуротларни жўнгина ўзгартира оладиган хусусиятларга эга шахсдир. Холерик мижоз лилар жўшқин, қизиққон, сержаҳл, серзарда, кайфияти тез ўзгарадиган кишилардир. Меланхолик мижоз эгалари журъатсиз, ҳадиксирайдиган, арзимаган нарсадан жуда ташвишланадиган, юввош, сусткаш бўладилар. Флегматик М. – суст ҳаракат, вазмин, совуққон, турғун кайфиятли, руҳий ҳолати ташқаридан яхши сезилмайдиган хусусиятли шахс мижози.
Морфологик назария (Э. Кречмер ва У. Шелдон) М. ни тана тузилишига ва ташқи қиёфасига қараб белгилайди. Мижознинг марказий нерв тизими билан боғлик илмий назариясини И. П. Павлов ишлаб чиққан. У нерв тизимини 3 асосий хусусиятга: қўзғалиш ва тормозланиш кучи, бу жараёнларнинг мувозанати ва уларнинг илдамлик даражасига қараб бир-биридан фарқ қилишини аниқлади. Фаннинг Ҳоз. тараққиёт босқичида психологлар М. нинг олий нерв фаолияти хусусиятлари билан боғлиқлиги тўғрисидаги ғояларни ишлаб чиқишди.
[addtoany]