Микология [юн. mykes – замбуруғ ва ..логия] – ботаниканинг бир бўлими. Замбуруғларнинг морфология, систематика, биология, физиология, биокимё, экология, геогр., филогенияси, шунингдек, уларнинг табиатда ва одам ҳаётидаги аҳамиятини ўрганади. Микология фитопатология (ўсимликлардаги касалликларнинг кўпини фитопатоген замбуруғлар кўзғатади), тиббиёт, ветеринария (кўп паразит замбуруғлар одам ва ҳайвонларда турли касалликлар, масалан, дерматомикозлар, микотоксиколарни кўзғатади) ва бошқа(лар) билан боғлиқ.
Замбуруғлар ҳақидаги маълумотлар қадимдан маълум. Масалан, мил. 1-а. да қадимги юнон олими Плиний Катта замбуруғларнинг дарахт поялари ва тўнкаларда ривожланишини ёзиб, уларни таснифлашга ҳаракат қилган. 1578 й. голланд ботаниги К. Клаузиус 221 замбуруғнинг ранг тасвири берилган атлас чиқарган эди.
Одатда, микологиянинг ривожланиши 3 даврга ажратилади. Биринчи давр 19-а. нинг ўрталригача давом этган. Бу даврда ҳар хил забуруғларни тасвирлаш ва таснифлашга уринишлар бўлган. Иккинчи даврда (19-а. нинг ўртасидан охиригача) замбуруғлар систематкасига оид ишлар билан бирга уларнинг онтогнези ва филогенези ҳам ўрганилган. Бу даврда француз олимлари ака-ука Л. ва Ш. Тюланлар ун-шудринг, занг ва қоракуя замбуруғлардаги плеоморфизм ҳодисасини, яъни бир тур замбуруғда турли хилда спора ҳосил бўлишини аниқлашди (шу сабабли, бу замбуруғлар дастлаб алоҳида турга ажратилган). Немис ботаниги А. де Бари паразит замбуруғларни экспериментал ўрганиш, унинг шогирдлари сапрофит замбуруғларни экиш методикасини ишлаб чиқдилар. Россияда М. С. Ворониннинг паразит замбуруғлар устида қилган ишлари муҳим аҳамият касб этди. Учинчи – янги даврда замбуруғлар физиологияси ва биокимёси риволантирилади. Немис олими Г. Клебснинг замбуруғлар онтогенези устидаги ишлари катта роль ўйнади. Микологияда цитологик усул кенг жорий қилинди. Занг замбуруғлар морфологияси, цтолотаяси, уларнинг паразит замбуруғлар билан ўзаро алоқалари ҳамда паразит замбуруғлар ва улар билан касалланган ўсимликлар физиологияси чуқур ўрганилди. Замбуруғлар, айниқса, актиномицетлар ролининг ошиши туфайли кўп мамлакатларда, шунингдек, Ўзбекистон ФА Ботаника илмий-ишлаб чиқариш маркази лаб. ларида уларни ўрганиш кенг йўлга қўйилди.
[addtoany]