Микозлар

Микозлар [юн. mykes – замбуруғ] – одам ва ҳайвонларда паразит замбуруғлар қўзғатадиган касалликлар. Микозларда патоген замбуруғлар спорси ёки мицелийнинг бир қисми қулай шароитда тўқимага тушиб, унинг ичига кириб кўпаяди. Касалликнинг яширин даври бир неча кундан бир неча ойгача бўлиши мумкин. Кўпинча, тери, соч толалари, тирноқ шикастланади – дерматомикозлар (трихофития, микроспория, эпидермофития ва бошқа(лар)); ўпка жароҳатланганда – кандидоз, бластомикоз, моторли микозлар; шиллиқ қаватлар шикастланганда – кандидоз, риноспоридоз; лимфоид-макрофагал тизим, ички аъзолар жароҳатланганда – гистоплазмоз, лимфа безларида ва терида – споротрихоз касалликлари келиб чиқади.

Микозларнинг пайдо бўлишида унга мойиллик муҳим аҳамиятга эга. Масалан, мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар, асосан, дерматофития билан; 3-5 яшар болалар эса, кўпинча, кандидоз билан оғрийди. Микозларнинг ривожланишига гипо- ва авитаминоз, дисбактериоз, кўп терлаш, хавфли ўсма, қон касалликлари, ОИТС, ўткир ва сурункали касалликлар, антибиотиклардан нотўғри фойдаланиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик ва бошқа(лар) омиллар сабаб бўлади.

[addtoany]