- /
- /
- /
Миокард инфаркти
Миокард инфаркти – юрак-томир касаллиги; коронар қон айланишининг бузилиши (артериялар атеросклерози, тромбози, спазми) натижасида юрак мушагида инфаркт ҳосил бўлади. Миокард инфарктининг ривожланишига гипертония касаллиги, қандли диабет, семириб кетиш (ёғ босиш), кашандалик, кам ҳаракат қилиш, жисмоний ва руҳий зўриқиш сабаб бўлади. Жуда кўп ҳолларда миокард инфаркти стенокардия заминида рўй беради. Миокард инфарктининг асосий белгиларидан бири юрак мушагининг маълум бир қисмига бирдан кам қон бориши натижасида шу жойда кислород ва озиқ моддалар миқдорининг камайиб кетиши туфайли кўкрак соҳасида узоқ муддатли қаттиқ оғриқ пайдо бўлишидир. Асосан, кўкрак қафасининг маркази (тўш оркаси) ёки чап ярмида аччиқ (куйдирувчи), қисувчи давомли оғриқ тутади ва у, кўпинча, юқорига, ўнгга, чап қўлга ёки иккала қўлга, орқага, пастки жағ соҳасига тарқалади. Оғриқ бир неча соат, баъзан ҳатто бир сутка давом этади, бўшашиш, муздек тер босиши, ўлим ваҳимаси, ҳасираш, юрак фаолиятининг бузилиши, қонда ва электрокардиограмма (ЭКГ)да ўзгаришлар рўй беради. Оғриқ хуружлари билан кечадиган бошқа касалликларда ҳам ЭКГда ўзгаришлар бўлиши мумкин. Шу боис фақат шифокор беморни текшириб натижаларини таҳлил қилиб, хулоса чиқариши керак. Миокард инфаркти, кўпинча, юрак ишемик касаллигининг зўрайиш даврида юз беради, бунда стенокардия хуружлари кучайиб ва тез-тез такрорланиб туради. Буни инфаркт олди даври дейилиб, бир неча кундан бир неча ҳафтагача давом этади. Шу даврда дарҳол шифокорга мурожаат этилса, миокард инфарктининг олдини олиб қолиш мумкин.
Тўш остида қаттиқ оғриқ пайдо бўлганда нитроглицерин наф бермаса, зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақириш зарур. Миокард инфарктида нитроглицерин оғриқни охиригача қолдирмаса-да, уни қайта қабул қилиб туриш лозим. Юрак соҳасига, тўш устига горчичник, оёққа грелка қўйиш, қўлни иситиш билан бемор аҳволини бироз бўлса-да енгиллаштириш мумкин. Беморни иложи борича тезроқ касалхонага ётқизиш, дастлабки кунлари тиббиёт ходимлари уни узлуксиз назорат қилиб туришлари лозим. Касаллик жуда оғир, ҳаёт учун хавфли ҳисобласа ҳам, ўз вақтида тўғри даво қилинса, бемор бутунлай соғайиб кетиши мумкин.