Миокардиодистрофия

Миокардиодистрофия [мио…, кардио… ва дистрофия], кардиомиопатия — юрак мушаги (миокард)нинг яллиғланмасдан, балки моддалар алмашинувининг бузилиши (биокимёвий ўзгаришлар) туфайли зарарланиши. Қон электролит таркибининг бузилиши, кислота-ишқор мувозанатининг ўзгариши ва бошқа(лар) касалликлар туфайли вужудга келади. Миокардиодистрофия юрак иши етишмовчилигига сабаб бўлиши мумкин. Миокардиодистрофияда миокарднинг қисқариш фаолияти сусаяди, лекин унда морфологик ўзгаришлар кузатилмайди. Миокардиодистрофияга экзоген (заҳарланиш, жисмонан зўриқиш, стресс ва ҳ. к.) ва эндоген (эндокрин бузилишлар, масалан, тиреотоксикоз, қандли диабет, камқонлик, буйрак етишмовчилиги, жигар касалликлари) омиллар туфайли рўй берган миокардиодистрофия ажратилади. Касалликда аста-секин ривожланадиган юрак етишмовчилигига хос клиник аломатлар (нафас қисиши, жигар катталашиши, оёқ-қўлларда шиш), юрак соҳасида узоқ давом этадиган суст оғриқ ва бошқа(лар) кузатилади.

Даво М. ни келтириб чиқарган асосий касалликка қарши қаратилади, юрак мушакларда алмашинув жараёнини яхшилаш чоралари кўрилади. Касалликка сабаб бўлган асосий касалликни даволаш билан юрак мушагининг фаолияти асл ҳолатига келади.