Миокардит [юн. myos – мушак ва kardia – юрак] – юрак мушаклари (миокард)нинг яллиғланиши, бу, одатда, юрак фаолияти етишмовчилигига олиб келиши мумкин. Миокардитга, кўпинча, ўткир инфекцион касалликлар (дифтерия, ич терлама, ангина, скарлатина, сепсис, грипп), сурункали инфекциялар (сил, захм) сабаб бўлиб, асосида аллергик ўзгаришлар ётади (қ. Аллергия). Миокардитнинг ўткир, ўртача ёки сурункали, шунингдек, юқумли аллергик (масалан, рематизмда, скарлатинада) хили фарқ қилинади. Миокардитда юрак мушакларининг тузилиши ўзгаради, касалликнинг енгил хилида бу ўзгариш бутунлай йўқолиб кетиши мумкин. Оғир хилида эса мушак толаларининг бир қисми емирилади ва улар ўрни чандиқланиб, кардиосклероз пайдо бўлади. Миокардитда мушак толаларнинг ўзи (паренхиматоз миокардит), баъзан бириктирувчи тўқималар (интерстициал миокардит) яллиғланиши мумкин. Ревматизм оқибатида келиб чиққан Касаллик (ревмкардит), кўпинча, болаларда учраб, одатда, эндокардит билан бирга ўтади. Асосий белгиси қон айланиши етишмовчилиги; бунда бемор доим юраги оғриши, тез-тез уриши, ҳаво етимай ҳарсиллаши, дармони қуришидан шикоят қилади. Ранги синиқиб, лаби кўкаради, қон босими пасаяди. Касаллик ўткир кечганда ҳарорат кўтарилади, қонда тегишли ўзгаришлар (лейкоцитоз, эритроцитлар чўкиш тезлиги – ЭЧнинг ортиши) кузатилади. ЭКГда миокард ўгарганлигини аниқлаш мумкин.
Олдини олиш М. ривожланишига сабаб бўладиган омилларни бартараф этиш, сурункали инфекция ўчоклари (тонзиллит, гайморит ва бошқа(лар))ни ўз вақтида даволашдан иборат. Бемор касалхонада даволанади. Касалликнинг кечиши ва белгиларига қараб даво тайинланади.
[addtoany]