Миозит

Миозит [юн. myos – мушак] – скелет мушакларининг яллиғланиши. Ўткир ва сурункали бўлади. Миозитнинг инфекцион (масалан, грипп, сурункали тонзиллит, ревматизм, захм ва бошқалар), паразитар (Миозитни трихинелла, эхинококк ва бошқалар кўзғатади), токсик (диабет, нур касаллиги), травматик (талайгина мушакларнинг шикастланиши ва унга қон қўйилиши), касбга оид (вибрация ва бошқа(лар) нохуш омиллардан мушакларнинг толикиши) ва бошқа(лар) хиллари бор. Касалликда оёқ-қўл, тана мушаклари зирқираб оғрийди, ҳаракаланганда оғриқ зўраяди; баъзан мушакларда тугунчалар юзага келади. Шикастланган тери орқали инфекция тушиши (хусусан, очиқ шкастларда) ёки бошқа аъзолардан мушакка ўтиши йирингли М. га сабаб бўлади. Миозитда, одатда, бутун мушаклар тизими зарарланади (полимиозит). Баъзан мушаклар билан бирга тери ҳам шикастланади (дерматомиозит). Касалликнинг олдини олишда совқотиш, оғир юк кўтаришдан сақланиш, хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиш, спорт билан шуғулланиш, мушак тизимини чиниқтириш жуда муҳим.

Давоси. Миозитга сабаб бўлган омиллар бартараф этилади, витаминлар, оғриқ қолдирувчи дорилар, физиотерапия ва бошқа(лар) буюрилади.