Одат

Одат (психологияда) – ўрганиш бўлиб қолган ва муайян вазиятда бажариш шахс учун эҳтиёжга айланган хатти-ҳаракат. Одат стихияли тарзда шаклланиши, муайян тарбия маҳсули бўлиши, характернинг барқарор хусусиятига айланиши, автоматизм белгиларига эга бўлиши мумкин. Одатнинг физиологик асоси, малаканики каби, динамик стереотип, яъни бош мия катта ярим шари пўстлоғидаги нерв тизимидир. Одат фаолиятнинг турли соҳалари (меҳнат, ўқув, спорт ва бошқалар)да вужудга келиб, инсон хатти-ҳракатининг барча томонлари (ахлоқи, билиш жараёни, маданий-маиший турмуши)ни қамраб олади. У фойдали (масалан, эрталабки гимнастика) ва зарарли (масалан, чекиш) бўлиши мумкин. Фойдали О. шахснинг ижобий хислатлари шаклланишига ёрдам беради. Масалан, меҳнат одати меҳнатсеварликни ривожлантиради. Аксинча, зарарли О. лар салбий хусусиятларни келтириб чиқаради. Масалан, вақтни беҳуда ўтказишдан дангасалик, ишни охирига етказмасликдан иродасизлик келиб чиқади. Одат тусини олган хатти-ҳаракатлар кишига мустаҳкам сингиб, унинг табиатига – фазилати ёки иллатига айланади. Ёшликдан ижобий О. ларни таркиб топтириб, салбийларига қарши курашиш талим-тарбиянинг муҳим вазифасидир.

Загрузка...