Санчиқ

Санчиқ – қорин бўшлиғи аъзолари касалланганда тўсатдан пайдо бўладиган оғриқ хружи. Бунда шу аъзолар мушаклари узоқ вақт қисқариши натижасида қисилиш вужудга келиб, кучли оғриқ кузатилади. Ичак, жигар, меъда ости бези, буйрак санчиқлари фарқ қилинади. Кўпроқ ичак санчиғи учрайди. Бадҳазм овозларни кўп истеъмол қилиш, ички аъзолардаги яллиғланиш жараёнлари, операциялардан кейин ҳосил бўлган чандиқ, гижжалар бўлиши, ичакда ечиш ва бижғиш жараёнларининг кучайиб, ел тўпланишидан пайдо бўлади. Кўричакнинг чувалчангсимон ўсимтасига хос соҳа ва тўғри ичак санчиғи тафовут қилинади. Усимтага хос соҳа санчиғида қориннинг пастки ва ўнг томонида кучли оғриқ бўлади; тўғри ичак санчиғида тез-тез такрорланиб турувчи оғриқ, ич келишига сохта мойиллик кузатилади. Ичак санчиғи кўнгил айниши, қусиш, қориннинг дам бўлиши ва деворининг таранглниши, тўлғоксимон оғриқ билан кечади.

Жигар санчиғида оғриқ қовурға ости соҳасида пайдо бўлиб, қориннинг юқори қисмига, ўнг курак сулги остига тарқалади. Оғриқ хуружлари оғиз қакраши ва аччиқ тахир маза сезилиши, кўнгил айниши, қусиш, тана ҳароратнинг кўтарилиши билан ўтади. Бу – бир неча мингдан бир неча соатгача давом этиши мумкин (қ. Ўт-тош касаллиги).

Меъда ости бези санчиғида бел оғриб, орқага ҳам тарқалади (қ. Панкреатит). Буйрак санчиғида қорин ва бел соҳасида кучли оғриқ пайдо бўлиб, чов ва жинсий аъзоларга тарқалади, беморнинг тез-тез сийгиси қистаб, сиганида ачишиб оғрийди. Оғриқ кучлилигидан бемор «ўзини қўйгани жой тополмай қолади». Бу ҳуружлар, кўпинча, оғир жисмоний иш қилгандан кейин, транспортдаги силкиниш, чайқлишдан сўнг кузатилиши мумкин.

Кучли оғриқ хуружлари вақтида шифокор чақириш, у келгунча оғриқ қолдирувчи дорилар ичирмаслик, иссиқ қилмаслик лозим.

[addtoany]