Сарамас

Сарамас [араб.] – тери (камдан-кам ҳолларда шиллиқ пардалар)нинг яллиғланиши. Ўткир юқумли касаллик. Сарамасни патоген стрептококклар кўзғатади. Терининг тирналган, қаварган, жароҳатланган жойига микроб тушишидан келиб чиқади. Касаллик йирингли жароҳат, карбукулнинг асорати сифатида, таркибида стрептококклар бўлган йиринг тўпланган жой атрофида пайдо бўлиши мумкин. Касаллик тўсатдан титраш, бош оғриғи, аксари қайт қилиш билан бошланади, ҳарорат 39-40° гала кўтарилади, гоҳо бемор алаҳлайди. Терининг зарарланган қисми қизаради (эритема), қизарган жой соғлом тери сатҳидан бироз кўтарилиб туради, чегараси кўзга яққол ташланади ва жуда тез кенгайиб, ачишиб оғрийди.

Эритематоз сарамас баъзан 3-7 кунда ўз-ўзидан (даволанмаса ҳам) тузалиб кетади, лекин чўзилиб, тананинг бир жойидан бошқа жойига ўтиши ҳам мумкин (сайёр сарамас). Касалликнинг бирмунча оғир хили – буллёз сарамасда қизарган терида йирингли ёки тиниқ суюқлик билан тўла пуфакчалар ҳосил бўлади. Бундан хам оғир флегмоноз хилида тери остида флегмона вужудга келади. Энг оғир хили – гангреноз сарамасда терининг зарарланган жойлари ўлади. Лекин касалликнинг энг енгил хили – эритематоз сарамасдан ҳам асоратлар қолиши мумкин, масалан, қон зарарланиши (сепсис); юз соҳасидаги С. дан эса мия пардаларининг яллиғланиши (менингит) сингари хавфли асоратлар қолади.

Касалликка шубҳа туғилганда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Касалликнинг олдини олиш терини тоза тутиш, майда жароҳатларни антисептик воситалар билан артиб тозалашдан иборат. Сарамас жуда камдан-кам ҳолларда юкади. Лекин С. га чалинган одамнинг терисига тегмаслик керак, тегилгада қўлни яхшилаб ювиш, одеколон ёки спирт билан артиш, терининг зарарланишига йўл қўймаслик зарур.

Загрузка...