Сауна [sauna], фин ҳаммоми – ҳаммонинг қуруқ иссиқ ҳаволи тури. Қадимдан Филяндияда мавжуд бўлган; С. қуриш 20-а. 70-й. ларидан Ғарбий Европада, кейинроқ бошқа ерларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам расм бўлди. Саунанинг одам организмига таъсири ҳароратлар фарқига асосланган: иссикхонадаги қайноқ қуруқ ҳаво (ҳ-рат 90-140°, ҳаво намлиги 5-15 %) сунъий ҳовуз ёки табиий сув ҳавзаси (кўл ёки дарё) сувининг совуқ ҳавоси билан алмашинади. Иссиқхонада яхшигина қизиб терлаган киши бирданига совуқ сувга тушган, ҳароратлар фарқи ҳисобига капиллярлардан организмдаги зарарли моддалар тирсиллаб чиқиб кетади. Шунда одам енгил нафас ола бошлайди. Саунада ювиниш киши организмини чиниктиради ва маълум даражада даволайди. Сауна даги юқори хароратни киши организми буғи ўта нам бўлган (намлик 890 %, ҳарорат 70-90°) рус ҳаммомидагига нисбатан осонроқ қабул қилади. Саунада ювиниш киши организми учун жуда фойдали ва ёқимли муолажа, лекин унинг ҳам ўз меъёри бор: ювиниш мобайнида иссиқхонага 2-3 мартадан ортиқ кирмаслик керак: ҳар бир кириш олдидан камида 15 мин. танаффус қилиш лозим. Айниқса, соғлиги унча яхши бўлмаганлар: ошқозон яраси борлар, юраги хасталар, қон босими баланд ёки паст кишилар, астма хасталигига дучор бўлганлар, семиз ва қари кишилар жуда эҳтиёт бўлишлари лозим. Оғироёқ аёллар ва болалар С. да ювиниши мумкин эмас. Саунада спиртли ичимликлар (ҳатто пиво) ичиш зарарли.
Сауна иссиқхонасининг деворлари ва терлаш супалари игна баргли дарахт ёғочидан қилинади. Шу боис ҳаммомда ўзига хос ўрмон ҳавоснинг ҳиди уфуриб туради. Сауна газ, ўтин, кўмир ва, асосан, электр печь билан киздирилади. Печь устига ўртача катталикдаги қора тошлар териб қўйилади. Тошлар қизиган, чатнаб кишини шкастламаслиги учун уларнинг устига сим тўр ўраб қўйилади. Саунада бир ҳафтада бир марта ювиниш яхши самара беради.
Ўрта Осиё, шу жумладан, Ўзбекистондаги қад. ҳаммомларда ҳам худди С. дагидек қуруқ ҳаволи иссиқхона бўлган, лекин сувли ҳовуз бўлмаган (яна қ. Ҳаммом).
[addtoany]