Целлюляр патология

Целлюляр патология [лот. cellula – хонача; бу ерда ҳужайра маъносида], ҳужайра патологияси – тиббиёт назарияси. 1855-58 й. ларда Р. Вирхов яратган. Унинг асоси ҳужайра назариясида. Унинг асосий қоидалари қуйидагича: 1) ҳужайра бутун тирик мавжудотнинг бирламчи морфологик элементи бўлиб, усиз на нормал, на патологик ҳаётий фаолият йўқ; 2) ҳар қандай ҳужайра ҳужайрадан ҳосил бўлади; 3) ҳар қандай тирик мавжудот ҳаёт учун муҳим элементларни ўзида мужассамлаштирган ҳужайра таркибий қисмлари мажмуидан иборат; 4) организмда алоҳида элементлар фаолиятини бошқариб турадиган антомик-физиологик марказ йўқ, фақат ҳужайранинг мунтазам тикланиб туриши организмнинг бир бутунлигини таъминлайди; 5) ҳар бир ҳужайра озми-кўпми ўзига мустақил бўлиб, ўзгаришлар бир ҳужайра доирасидагина рўй бериши мумкин; 6) бутун патология ҳужайра патологиясидир; касаллик – организмнинг муайян жойига тегишли жараён; агар врач касалланган жойни аниқ билолмаса, у касаллик ҳақида тўғри хулосага келолмайди.

Целлюляр патологияга асос бўлган жуда кўп далилий манбалар тиббиётнинг ривожланишида, яъни касалланган организмда рўй берган морфологик ўзгаришларни ўрганиш, улар патогенезини аниқлаш, диагностикани такомиллаштиришда муҳим роль ўйнайди. Целлюляр патология гуморал патология, шунингдек, барча касалликларнинг келиб чиқишига организмдаги зич заррачалар ва нерв тизимининг бузилишигина сабаб бўлади, деб билган бир томонламалик ва хатоликларни бартараф этди. Бироқ Вирхов, айниқса, унинг издошлари бу карашларга қарши чиқиш билан бирга ҳамма патологик жараёнларни фақат ҳужайрада бўладиган ўзгаришларнинг оқибати деб билишди; шунингдек, касалликнинг авж олишида нерв ва гормонал омилларнинг аҳамиятини ҳисобга олмай бир томонликка йўл қўйдилар. Улар томонидан организмнинг бир бутунлиги билан ички ва ташқи муҳитнинг ўзгариб турувчи шароити ўртасидаги боғликликнинг инкор этилиши ўша давр рус олимлари И. М. Сеченов ва бошқа(лар)ларнинг ҳаққоний танқидий учради. Фаннинг кейинги ютуқлари, айниқса, нейро гуморал омиллар, субҳужайра ва молекуляр структураларнинг ўрганилиши целлюляр патологиянинг хатоликларига барҳам бериш ва целлюлризм, гуморализм, нервизмнинг барча фойдали томонларини бирлаштириш, яхлитлашга имкон берди (яна қ. Патология).

Загрузка...