Цестодозлар – цестодалар ва уларнинг лчинкалари қўзғатадиган инвазион касалликлар (гельминтозлар). Одам ва ҳайвонларда учрайди. Цестодаларнинг етилган (тасмалик) шакллари одам ҳамда ҳайвонлар ичагида яшайди ва урчийди, улар тухуми ахлат билан ташқи муҳитга чиқади ва личинка даври оралиқ хўжайин (чўчқа, ҳўкиз, балиқ ва бошқа(лар)) танасида кечади. Цестода личинкалари – финналари одамга чала пиширилган балиқ, қорамол гўштини истеъмол қилганда ўтади. Улар одам ингичка ичагида жинсий ётилади ва паразитлик қилади. Цестодаларнинг эхинококк шакли одам ва ўтхўр ҳайвонларнинг жигар, ўпка, мия, кўмик ва ҳ. к. аъзоларида паразитлик қилади. Етук цстодалар қўзғатадиган касалликлар бирмунча енгилроқ кечиб, баъзан ҳазм аъзолари ва нерв тизими фаолияти бузилади. Цестода личинкалари қўзғатадиган эхинококкоз, цистицеркоз, ценуроз каби касалликлар анча оғир ўтади. Касалликнинг шаклига қараб даволанади. Олдини олиш учун гўшт маҳсулотларини етарли пишириб истеъмол қилиш, уй ҳайвонлари (итлар) билан яқин мулоқотда бўлмаслик, оқар сувлар ва ўтлоқ жойларни ифлослантирмаслик, шахсий ва овқатланиш гигиенасига қатъий риоя қилиш, беморларни тўла-тўкис даволаш зарур.
[addtoany]