Сезувчанлик, сезгирлик, таъсирчанлик – тирик организмнинг ташқи ва ички муҳит таъсирини қабул қилиш хусусияти; тор маънода анализаторларнинг қўзғатувчиларга жавоб қайтариш қобилияти. Нерв тизимига эга ҳайвонларда ихтисослашган сезиш ҳужайра (рецептор)лари турли қўзғатувчиларга нисбатан юқори даражада танлаш сезувчанлигига эга. Мутлақ ва дифференциал сезувчанлик фарқ қилинади. Анализаторлар қўзғатувчиларнинг минимал даражадаги энг кучсиз таъсири (сезгининг мутлақ чегарасини сезиш қобилияти мутлақ сезувчанликни ифодалайди. Сезгининг мутлақ чегараси билан мутлақ сезувчанлик бир-бирига тескари пропорционалдир. Масалан, бир стакан чойдаги ширинликни сезиш учун бир одам 1 қошиқ шакар солиши етарли бўлса, бошқаси 2-3 қошиқ солиши мумкин. Анализаторларнинг қўзғатувчилар орасидаги билинар-билинмас фарқлар, ўзгаришларни сезиш қобсилияти дифференциал сезувчанлик деб аталади. Сезишда Қўзгатувчининг билинар-билинмас ўзгариш туғдирадиган миқдорининг озгина ўсиши сезгининг дифференциал чегараси дейилади. Дифференциал сезувчанлик ҳам дифференциал чегара билан тескари пропорционалдир.
Сезги чегаралари ва С. қўзғалиш ҳамда тормозланиш жараёнлари билан белгиланади.
Нерв тизими қанчалик қўзғалувчан бўлса, С. шунчалик юқори бўлади ва аксинча. Қўзғалиш жараёни мия пўстлоғининг бирор қисмида ҳосил бўлиб, бошқа қисмларга тарқалади. Кейинчалик машқ қилиб бориш туфайли қўзғалиш маълум нерв ҳужайраларида дифференцалланади, фарқланади.
Қўзгатувчининг таъсири ўзгариши билан С. ҳам ўзгаради; қўзғатувчилар суст таъсир этганда С. ошади, кучли таъсир этганда эса камаяди. Сезувчанлик анализаторларнинг ўзаро таъсири натижасида ҳам ўзгаради. Шунингдек, С. даги ўзгариш ҳаёт шароити, инсон фаолияти билан узвий боғлиқ. Айрим касалликлар таъсирида у ўзгариши (камайиши ёки ортиши), издан чиқиши ёки бутунлай йўқолиши мумкин.
[addtoany]