Цистит

Цистит [юн. kystis – қовуқ] – қовуқнинг яллиғланиши. Қовукка турли инфекциялар тушиши оқибатида рўй беради. Пайдо бўлишига кўра, бирламчи ва иккиламчи, келиб чиқиши бўйича специфик (сўзак, сил цистити) ва носпецифик цистит фарқланади. Касаллик ўткир ва сурункали кечади. Бирламчи цистит бошқа аъзолардаги инфекция юқори сийдик йўллари ёки уретрарт қон ва лимфа йўллари орқали қовукка ўтиши натижасида пайдо бўлади. Бунга, шунингдек, совуқ кетиш, спиртли ичимлик ичиш, қабзият, нерв-психиканинг бузилиши ҳам сабаб бўлади. Аёлларда цистит аксари ҳомиладорлик ёки туғруқдан кейинги даврда кузатилади. Иккиламчи цистит (кўпинча сурункали кечади) қовуқда тош, ёт жисмлар, ўсма бўлганда, қовуқ сили, простата безининг ўсмаси оқибатида юзага келади. Шунингдек, баъзи дорилар, заҳарли моддалар ичилганда ҳам Ц. кузатилиши мумкин.

Циститда бемор тез-тез (ҳар 10-15 минутда) сияди, сийганда оғриқ сезади, оғриқ айниқса, сийгиси кистаганда ва сийгандан кейин зўраяди, ловуллаш, ачишиш, баъзан сийдикда қон ва йиринг пайдо бўлади. Яллиғланиш қўшни аъзоларга ўтганда (пиелонефрит, уретрит ва бошқа(лар)) тана ҳарорати кўтарилади. Ўткир Ц. нинг олди олинмаса сурункали тус олади. Касалликни аниқлашда сийдик таҳлили, цистоскопия, цитография, ултратовуш текширувлари ўтказилади.

Давоси: беморнинг умумий аҳволи ва касаллик белгиларига қараб олиб борилади (оғриқ қолдирувчи дорилар, антибиотиклар, кўп суюқлик ичиш, ванна, физиомуолажалар буюрилади).

[addtoany]