Цитология [цито ва …логия] – ҳужайра ҳақидаги фан. Ҳужайраларнинг тузилиши ва фаолиятини, кўп ҳужайрали, шунингдек, бир ҳужайрали организмлардаги аъзо ва тўқималарнинг ўзаро боғланиши ва муносабатларини ўрганади. Барча тирик мавжудотларнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган ҳужайрани ўрганиш билан цитология биология фанлари орасида марказий ўринни эгаллайди; у ўсимликлар гистологияси, анатомияси, физиология, генетика, биокимё, микробиология ва бошқа(лар) фанлар билан узвий боғланган. Организмнинг ҳужайра тузилишини ўрганиш 17-а. микроскопистлари Р. Гук, М. Мальпиги, А. Левенгук (1632-1723) томонидан бошланган эди.
Цитологиянинг тараққиёти ҳужайра тадқиқоти усулларининг ривожи билан боғлиқ.
19-а. га келиб бутун органик дунё учун ягона ҳужайра назарияси яратилди (Т. Шванн, 1838). Ҳужайра назариясининг яратилиши ҳужайрани барча тирик организмларнинг асоси сифатида ўрганиш учун туртки бўлди. 19-а. ўрталаридан ҳужайралар структурасини фиксация қилиш, яъни кимёвий моддалар ва физик омиллар таъсир эттириш йўли билан шу структурани сақлаш ва тўқималарни бўяшнинг ҳар хил усуллари қўлланила бошлади. Цитологиянинг кейинги ривожланишига немис патологи Р. Вирховнинг «целлюляр патология» ҳақидаги таълимоти сабаб бўлди (1858), Вирхов ҳайвон организми ҳужайралар мажмуидан иборат, шулардан ҳар бири ҳаётнинг барча хоссаларига эга ва ҳар бир ҳужайра фақат ҳужайрадан ривожланади деган фикрни олға сурди.
19- а. нинг охирида протоплазманинг доимий таркибий қисмлари (органоидлари); центросомалар, митохондриялар, тўрсимон аппарат ёки Гольжи комплекси, шунингдек, ҳужайра ядросидаги нуклеин кислота аниқланди. Ҳужайранинг кариокинетик бўлинишини (қ. Митоз) аввал ўсимликларда, кейин ҳайвонларда кашф қилинди. Хромосоманинг индивидуаллик назарияси ва сони турғунлиги қоидаси яратилди. Жинсий ҳужайралар ривожланишида хромосомалар сони редукцияси жараёни кашф қилинди. Рус цитологи С. Г. Навашин (1898) ёпиқ уругли ўсимликларда қўш уруғланиш ҳодисасини аниқлади.
Ҳужайра физиологиясини тадқиқ қилишда ҳам катта ишлар қилинди. И. И. Мечников фагоцитоз жараёнини топди. Ўсимлик ва ҳайвон ҳужайраларининг танлаб ўтказувчанлик хусусияти кашф қилинди. Мембрананинг ўтказувчанлик назарияси пайдо бўлди. Ҳужайрани тириклайин бўяш усуллари ишлаб чиқилди.
20- а. нинг бошидан ҳужайрани тадқиқ этишда ультрабинафша нурлар ва флюорецент микроскопияси, 1941 й. дан фаза – контрастли микроскопия қўлланилди. Цитокимвий тахлилларнинг янги усуллари ишлаб чиқилди. Ҳужайра устида ҳар хил тадқиқотлар ўтказишга ёрдам берувчи микроманипулятолар юзага келди. 20-а. нинг 1-чорагида ҳужайра структурасининг функционал роли аниқланди. Ўсимлик ҳужайраларида вакуоляр тизим ривожланиши ва пластидалардан крахмал ҳосил бўлиши кузатилди.
Мендель қонунларининг қайта кашф қилиниши цитология ривожига катта таъсир кўрсатди. Жинсий аъзолар ва соматик ҳужайралар ядрсида кечадиган жараёнларни ўрганиш натижасида ирсиятнинг хромосома назарияси яратилди; цитогенетика соҳа бўлиб ажралди.
20-а. га келиб цитологиянинг жадал ривожланишига янги усуллар (электрон микроскопия, изотоп индикаторлар, ҳужайраларни сунъий ўстириш ва бошқа(лар)) асос бўлди. Ҳужайранинг янги ультрамикроскопик компонентлари, ҳужайрани ташқи муҳитдан ажратиб турадиган пламатик ёки ҳужайравий мембрана ва ҳ. к. кашф қилинди. Субмикроскопик тадқиқотлар ҳужайраларни эукариотлар ва прокариотлар гуруҳига (шунга кўра организмларни ҳам) ажратиш имкониятини берди.
Ҳужайранинг таркибий қисмларини ажратиб олиш усулларини такомиллаштириш, биокимёвий аналитик ва динамик усулларини цитологияга татбиқ этиш ҳужайранинг кимёвий топографияси ва унинг таркибий қисмини, биокимёвий роли ҳамда функционал аҳамиятини аниқлашга олиб келди. Ҳужайранинг генетик фаолиятини ўрганишда ядро ва ҳужайранинг Цитоплазматик таркибида ДНК борлигини аниқлаш катта аҳамиятга эга бўлди.
Ҳозирги цитологиянинг асосий вазифалари ҳужайранинг микроскопик ва субмикроскопик структураси ҳамда кимёвий таркибини, ҳужайралар структураларининг фаолиятлари ва уларнинг ўзаро таъсирини, моддаларнинг ҳужайрага ўтиши ва ундан ажралиб чиқиш усуллари ҳамда мембрананинг бу жараёнлардаги ролини, микроорганизмларнинг нерв ва гуморал омиллари ҳамда ташқи муҳит омилларига ҳужайраларнинг реакция кўрсатишини, унинг қўзғалишини қабул қилиши ва ўтказишини, ҳужайранинг бир-бирига ўзаро таъсирини, унинг шикастлайдиган таъсиротга кўрсатадиган ракциясини, ҳужайранинг ядро ва цитоплазмтик-генетик аппарати ва ирсий касалликларда унинг ўзгаришини, ҳужайраларнинг вируслар билан муносабатини, нормал ҳужайраларнинг ўсма (рак) ҳужайраларига айланиши, ҳужайра тизимининг пайдо бўлиши ҳамда эволюцияси ва бошқа(лар) масалаларни ўрганишдан иборат. Цитологиянинг цитогенетика, цитоэкология, радиацион цитология, онкологик цитология ва бошқа(лар) тармоқлари бор.
Ҳоз. республикамиздаги мавжуд тиббиёт ин-тларда цитология гистология билан қўшиб ўқитилади. Ўзбекистон ФАнинг «Ўзбекистон биология журнали» ва бошқа(лар) нашрларда цитология масалалари ёртилади (яна қ. Ҳужайра).
[addtoany]