Цитоплазма [цито… ва юн. plasma – шаклланган] – ҳужайранинг ядро билан плазматик мембрана оралиғида жойлашган асосий таркибий қисми (қ. Ҳужайра). Цитоплазма коллоид тизим – гиалоплазма, органоидлар ва киритмалардан ташкил топган. Цитоплазма даги коллоид заррачалар ва бошқа(лар) таркибий қисмлар доим ҳаракатда бўлади. Микрофибрилла, микронайчалар ва бошқа(лар) толасмон тузилмалар ҳужайранинг ҳаракат-таянч тизими ҳисобланадиган цитоскелетни ҳосил қилади. Ҳайвон ҳужайралари цитоплазмаси органоидлари кам бўлган, плазматик мембранага яқин ташқи қисмини эктоплазма, ички, ядрога яқин жойлашган органоидларга бой қисмини эндплазма дейилади. Ўсимлик ҳужайралари цтоплазмаси ҳайвон ҳужайраларидан махсус органоидлар – пластидалар ва йирик вакуолларнинг бўлиши билан фарқ қилади.
[addtoany]