Сийғоқлик, сийдик тута олмаслик – сийиш эҳтиёжи бўлмаган ҳолда сийдик чиқариш каналидан беихтиёр сийдик ажралиши; турли урологик, гинекологик ва неврологик касалликларда кузатилади. Доимий (мутлоқ), қисман (нисбий) ҳамда тунги сийғоқлик тафовут қилинади. Доимий сийғоқликда сийдик ковуққа йигилмай, тўхтамасдан оқиб тураверади. Бу, кўпинча, қовуқ ва сийдик чиқариш каналининг нуқсонларида бўлади. Қисман сийғоқликда сийдик беихтиёр оз-оздан келади. Киши қаттиқ йўтаганида, кулганида, аксирганида ёки оғир юк кўтариб зўрикканида сийиб юборади. Бундай ҳолат, кўпинча, аёлларда туғруқ чоғида сийдик йўллари шикастланиши оқибатида рўй беради. Тунги сийғоқлик – уйкуда беихтиёр сийиб қўйиш, асосан, ёш болаларда учрайди. Бунга фимоз, цистит, сийдик-таносил аъзолари касалликлари, шунингдек, марказий нерв тизимидаги вақтинча функционал ўзгаришлар сабаб бўлади ва бола 12-16 ёшга етганда барҳам топиши ҳам мумкин. Бироқ бунга бефарқ бўлмай, иложи борича тунги С. сабабини эртарок аниқлаш ва, зарур бўлса, даво тадбирларини кўриш лозим; бу қанча барвақт бошланса, натижа шунча яхши бўлади. Сийғоқликнинг ҳар қандай турида ҳам шифокорга мурожаат қилиш зарур, у касалликка сабаб бўлаётган омилларни аниқлайди ва тегишли даво муолажаларини буюради.
[addtoany]