Стеноз

Стеноз [юн. stenos – тор, қисқа] – найсимон аъзолар (ҳиқилдоқ, трахея, бронхлар, қизилўнгач, ичаклар, артериялар ва бошқа(лар)), шунингдек, физиологик тешиклар (масалан, юрак чап бўлмачаси ва қоринчаси орасидаги тешик)нинг торайиши. Стеноз туғма ва ҳаётда орттирилган бўлади. Туғма стеноз ҳомила ривожланишидаги нуқсонлар (қизилўнгач ёки меъданинг чиқиш жойидан торайиши)дан иборат. Ҳаётда орттирилган стеноз органик ва функционал бўлади. Органик С. аъзолар деворидаги ўсмалар, яллиғланиш ёки шикастдан кейин чандиқлар пайдо бўлиши ҳисобига юзага келади. Функционал С. да аъзолар мушаклари, сфинктерларнинг вақтинча торайиши, масалан, буйракдаги тош силжиши натижасида сийдик йўлининг торайиши – спазм рўй беради.

Стенозда аъзоларнинг мушаклари гипертрфияга учраб, улар ичидаги ҳаракат (овқат, ҳаво, қоннинг юриши) қийинлашади, кейинчалик мушаклар тонуси пасаяди, аъзонинг С. га учраган жойидан юкориси кенгайиб кетади, торайган жойдан моддалар ўтиши қийинлашади. Стенозни компенсацияли – аъзо ўтказувчанлиги қисман бузилган, лекин аъзо фаолияти ва инсон саломатлиги жиддий ўзгармаган; субкомпенсацияли – аъзонинг торайган жойидан модда ўтиши қийинлашиб, аъзо фаолияти бузилган; декомпенсацияли – аъзонинг торайган жойидан модданинг мутлақ ўтмай қолиб, аъзо фаолиятининг бузилиши, шунинг ҳисобига организмда жиддий асоратлар юзага келиши (масалан, меъданинг пилорик жойи декомпенсацияланган С. ида овқат мутлақо ўмасдан, бемор организмида сув-туз мутаносилигининг бузилиши) каби даражалари бор. Стеноз, асосан, хирургик усулда даволанади.

[addtoany]