Тери касалликлари – одам ва ҳайвонлар организмидаги шиллиқ қаватлар, тери ҳамда унинг ҳосилалари (соч, тирноқ) патологик ўзгариши билан ифодаланадиган касалликлар гуруҳи. Одамда учрайдиган тери касалликлари тошма тошиши, доғ, пуфакча, тугунча, қипиқланиш, яраланиш, терининг шилиниши, ёрилиши ва бошқа(лар) тарзида намоён бўлади. Ташқи муҳитдаги ҳар бир физик ва кимёвий омиллар терида турли яллиғланишлар (Шерматитлар) пайдо бўлишига олиб келади; булардан қавариш, бичилиш, совқотиш, куйиш бирмунча кўпроқ учрайди. Терининг талайгина касалликларига биологик омиллар, микроскопик замбуруғлар (қ. Терининг замбуруғли касалликлари), бактериялар, ҳайвон паразитлари (қ. Қўтир) ва вируслар (қ. Сўгал, Учуқ) сабаб бўлади.
Ички омиллар: маҳаллий, инфекция ўчоғи бўлиши (масалан, муртак безлари, қовуқда), ички аъзолар (меъда, буйрак, жигар) касалликлари экзема, эшакем каби аллергик тавсифдаги (қ. Аллергия) тери касалликларига олиб келиши мумкин. Организмда оксид, карбонсув ва ёғ алмашинувининг бузилиши, шунингдек, витаминлар етишмаслиги, нерв (масалан, нейродермит) ва эндокрин тизим фаолиятининг бузилиши (масалан, себорея, ҳуснбузар), Томирлар, қон яратиш аъзолари ва бошқа(лар)нинг зарарланиши натижасида ҳам тери касалликлари юзага келиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси терида яллиғланиш, қон қўйилиши, пигментация ва мугузланишнинг бузилиши, теридаги айрим тузилмалар (бириктирувчи тўқима толалари, ёғ ва тер безлари, соч пиёзчаси ва бунинг нобуд бўлиши, қон айланиши ҳамда тери озиқланишининг издан чиқиши каби патологик ўзгаришларга сабаб бўлади. Бунда терига ҳар хил катталикда тошмалар тошиши (дерматозлар), тугунчалар пайдо бўлиши, баъзан бу тугунчалар ичида қон ёки йиринг тўпланиши мумкин. Тошмалар қичишиши, ачишиши, баъзилари беморни мутлақо безовта қилмаслиги мумкин. Инфекцион (қ. Ич терлама, Қайталама терлама, Скарлатина, Чечак ва бошқа(лар)), шунингдек, венерик касалликларда ҳам терига тошмалар тошиши кузатилади. Тошмалар табиатини фақат мутахассис врач тўғри аниқлаб, ташхис кўйиши ва даво тайинлаши мумкин. Ўз билгича даво қилиш турли кўнгилсизликларга олиб келади. Шу боис тери касалликларига хос дастлабки аломатлар пайдо бўлганда, албатта, шифокорга мурожаат этиш ва унинг маслаҳатларига бекаму кўст амал қилиш лозим.
Тошкент ш. даги Дерматология ва венерология илмий тадқиқот институтини олимлар томонидан тери касалликлари устида илмий изланишлар олиб борилади.
[addtoany]