Тери сили

Тери сили – организмдаги умумий сил ифекциясининг бир шакли, аксарият иккиламчи сил кўринишида вужудга келади. Ҳоз. кунда кам учрайди. Тери силининг сил югурики, скрофлодерма, сўгалсимон тери сили, ярали тери сили, индуратив Базен эритемаси каби клиник хиллари фарқ қилинади. Сил югуриги кўп тарқалган. Касалликни сил таёкчаси кўзғатади. Таёқча тери шикастланганда ва, кўпинча, олдин сил билан касалланган аъзо ва лимфа тугуларидан ўтади. 5-15 ёшдаги болалар орасида кенг тарқалган. Сил югуругининг бирламчи морфологик элементи дўмбокча ёки липомдир, у яримшарсимон, чегараси аниқ, нина учдай ё ундан сал каттароқ сарғиш-қизил рангли юмшоқ бўлади, огримайди. Юзаси силлиқ, кулрангда товланиб туради, кейинчалик худди шу жойлар пўст ташлайди. Вақт ўтиши билан дўмбоқчалар катталашади ва бир-бирига қўшилиб кетади. Улар баъзан қуруқ битиб чандиқли атрофия билан якунланади. Иккинчи хилида эса яралар вужудга келади. Тери сили ўчоқлари беморнинг юзи, бурни, лаб-лунжи, қулоқ супраси ва бошқа(лар)да жойлашади. Бу соҳалардаги дўмбоқчалар беморни хунук, жуда бадбашара қилиб қўяди.

Давоси. Тери сили ҳам силнинг бир кўриниши, шунингдек, у бутун организм касаллиги эканлигини ҳисобга олиб, унга биринчи навбатда умумий даво қилиш зарур. Махсус дори-дармонлар билан бир қаторда организмнинг умумий қуввати ва иммун қаршилигини оширадиган воситалардан фойдаланилади.

[addtoany]