Терморегуляция

Терморегуляция [термо… ва лот. regulo – бошқараман] – одам ва иссиқ қонли ҳайвонлар (қушлар ва сут эмизувчилар) тана ҳароратнинг турғунлигини таъминловчи физиологик жараён. Иссиқлик ҳосил бўлиши (организмда оксидланиш жараёни юз берганда) тезлигининг ва тери орқали иссиқлик чиқариш (терлаш ва бунинг ўзгариши туфайли амалга ошади. Терморегуляция ёрдамида сақланиб турувчи ҳароратда организмда содир бўладиган моддалар ва энергия алмашинуви реакциялари учун оптималдир. Одам ва иссиқ қонли ҳайвонлар организмида тўхтовсиз равишда иссиқлик ҳосил бўлиб, у ташқи муҳитга чиқариб турилади. Бирор иш бажариш учун тирик организмда ҳамма вақт энергия сарф бўлади ва ана шу иш (аниқроқ қилиб айтганда, уни таъминловчи кимёвий реакциялар) оқибатида иссиқлик ишлаб чиқарилади. Мушаклар, жигар ва буйрак жадал ишлаганда иссиқлик, айниқса, кўп ҳосил бўлади. Одам тинч турганда 70 % иссиқлик ички аъзолар, 30 % эса тинч ҳолатда толалари гарчанд кучсиз бўлса-да, доимо қисқариб турадиган мушаклар ҳисобига ишлаб чиқарилади. Жисмоний меҳнатда иссиқлик ҳосил бўлиши бир неча марта кўпаяди ва бу жараёнда мушаклар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Организмдан иссиқлик, асосан, тери орқали, камроқ даражада нафас, сийдик ва нажас билан ажралиб чиқади.

Терморегуляция иссиқлик ҳосил бўлишининг кучайиши (пасайиши) ёки иссиқликни бериш суръатининг ўзгариши ҳисобига амалга ошади. Иссиқлик ишлаб чиқарилиши, асосан, мушакларнинг ишлашига қараб ўзгаради. Совуқ вақтида бир жойда тинч турганда қалтираш терморегуляцияга мисол бўла олади. Бунда ҳеч қандай иш бажарилмаганлги учун бутун энергия иссиқликка айланади. Киши совуқда қалтираганда иссиқлик ҳосил бўлиши 3 баравар кўпайиши мумкин. Организмдан иссиқлик нурланиши, иссиқлик ўтиши (теварак-атрофдаги жисмларга тегилганда иссиқлик берилиши), тери ва ўпкадан сувнинг буғланиши ва терлаш орқали иссиқлик чиқади.

Одамнинг меъёрий ҳаёт фаолияти бир неча градус доирасида кечиши мумкин. Тана ҳ-ртининг 36° дан паст бўлиши ҳам, 40-41° дан юқори бўлиши ҳам организм учун хатарлидир.

Иссиқлик ҳосил бўлиши билан унинг ажратилиши ўртасидаги зарур баланс марказий нерв тизими ёрдамида бошқариб турилади.

Терморегуляция марказлари тана ҳароратининг доимилигини сақлаб турувчи жуда кўп ва мураккаб жараёнларнинг бориши ҳамда координациясни таъминлайди. Терморегуляция жараёнида марказий нерв тизимининг назоратида эндокрин тизим катта роль ўйнайди. Жумладан, қалқонсимон без гармонлари моддалар алмашинувининг жадалигини, бинобарин иссиқлик ҳосил бўлишини кучайтиради, буйрак усти бези гармонлари оксидланиш жараёнларини кучайтиради ва тери томирларини қисқартириб, иссиқлик ажратилишини камайтиради.

Одам терморегулятор механизмларига онгли равишда ёрдам бериб, улар ишини осонлаштириш мақсадида мавжуд об-ҳавога мос келадиган кийим-бош танлай олиш керак. Бу ҳаётга энди келган, ҳали терморегуляция механизмлари такомилашмаган болалар учун ниҳоятда муҳим. Бола организмининг ҳаддан ташқари совқотиши ёки кизиб кетиши катта ёшдаги кишиларга таъсир этмайдиган ташқи муҳит ҳароратларида ҳам содир бўлиши мумкин.

Загрузка...