Тифлопедагогика

Тифлопедагогика [юн. typhlos – кўр ва педагогика] — дефектологиянинг кўр ва заиф кўрувчи болаларни ўқитиш, тарбиялаш ҳамда уларни меҳнатга тайёрлаш масалаларини ишлаб чиқувчи соҳаси. Болаларнинг ақлий ва жисмоний қобилиятларини ривожлантиришни, умумий ўрта маълумотга эга бўлишларини, ҳаёт ва меҳнатга тайёрлашни мақсад қилиб қўяди. Тифлопедагогика кўр ва заиф кўрувчи болалар учун таълимни такомиллаштириш йўлларини, ўкув-тарбия жараёнини ташкил этиш методлрини, махсус мактаб ҳамда мактабгача муассасалар тузилмасини, уларнинг таълим-тарбисининг ташкилий шаклларини ишлаб чиқади. Тифлопедагогиканинг энг муҳим вазифаси болаларда сақланиб қолган кўриш имкониятларидан ўқиш жараёнида тўғри фойдаланиш ва уни ривожлантириш, кўриш имкониятларини сақлаш учун шароит вужудга келтириш, таълимнинг техника воситаларини қўллашдан иборат.

Тифлопедагогика умумий ва махсус педагогика, психология, физиологик оптика, офтальмология, педиатрия, мактаб гигиенаси, олий нерв фаолияти физиологияси, тилшунослик, тифлотехника фани маълумотларига суянади. Ўзбекистонда 2015/16 ўқув йили кўрлар учун 8 (1,4 минг ўқувчи), заиф кўрадиган болалар учун 3(0,6 минг ўқувчи) мактаб ишлади.

[addtoany]