Тифлотехника

Тифлотехника – кўрлар, кўзи ожизлар ва кўр-карларни ўқитиш, меҳнат фаолиятига тайёрлаш, уларга маданий-маиший хизмат кўрсатиш, кўзи ожизларнинг кўриш қобилиятини кучайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган махсус асбобсозлик соҳаси. Тифлотехника олий нерв фаолияти физиологияси, офтальмология, кўриш нейрофизиологияси, электрофизиология, физиологик оптика, кўриш гигиенаси, эргономка, умумий, муҳандислик ва тиббий психология, тифлопедагогика, тифлопсихология, алоқа назарияси, электроника, ахборотлар назарияси ва бошқа(лар) соҳаларга асосланади. Электрон тифлотехника нарсалар, визуал жараёнлар ва ҳодисалар тўғрисида кўрларга объектив ахборот беради. Кўрлар ва кўзи ожизларнинг одатдаги китоб, жўр., газета ва бошқа(лар)ни «ўқишлари» учун оддий ҳарфларни овоз, тактил, тактил-титрама сигналларга айлантириб берувчи «ўқиш» машиналари ишлаб чиқилган. Махсус аппаратлар мактаблар ва бошқа(лар) билим юртларида ўтказиладиган лаб. ишларида кўр ва кўзи ожизларнинг атрофдаги нарсалар, жараёнлар ва ҳодисалар тўғрисида муайян тасаввур олишларига имкон беради. Кўрланинг кўча-куйда мўлжал олишларини осонлаштириш учун товуш ёки тактил сигнализцияли электрон асбоблар яратилган, махсус электрон кассалар ишлаб чиқарилган.

Кўрлар ва кўр-карларнинг ёзишлари учун Л. Брайл тизимида турли асбоблар ва махсус ёзув машинкалари ишлаб чиқарилган. Кўзи ожизлар учун махсус линзалар, проекцион аппаратура, ўқиш мосламалари, мактаблардаги фронтал машғулотлар учун берк тизимдаги телевизион қурилмалар мавжуд. Бундай воситаларнинг янги турларини ишлаб чиқиш борасида илмий текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Кўзи ожизларнинг кўриш қобилиятини кучайтириш ва тиклаш учун турли-туман оптик асбоблар яратилган. Кўрлар ва кўзи ожизларнинг меҳнат фаолиятига кўмаклашиш учун иш унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган, меҳнат хавфсизлигини таъминлайдиган қурилмалар ишлаб чиқарилган. Тифлотехника кўз ва кулоғида камчиликлар бўлган одамларнинг ҳаёт кечириши ва меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

[addtoany]