Тиш

Тиш – одам ва кўпчилик жағ-оғизли умуртқали ҳайвонлар оғиз бўшлиғи (баъзи балиқлар ҳалқуми)даги суяк тузилма; овқатни ташлаб узиб олиш, чайнаш ва тутиб туриш учун хизмат қилади. Одамда бундан ташқари, баъзи товушларни талаффуз этишда ҳам қатнашади. Эмбрионал ривожланиш даврида тиш эпителиал бурмалар – тиш пластинкаларидан ҳосил бўлади. Ҳомиладорликнинг 5-ҳафтасидаёқ ҳомилада тиш шакллана бошлайди.

Тишлар кетма-кет жойлашиб, тиш ёйи ёки каторини ҳосил қилади. Катта ёшдаги кишиларда ҳар бир тиш қаторида шакли ва илдизлар сони билан бир-биридан фарқ қиладиган 16 та тиш: 4 та кесувчи, 2 та қозиқ, 4 та кичик жағ ва б та катта жағ тиш жойлашган. Юқори ва пастки тиш қаторлари маълум муносабатда жипслашади. Одатда, сут ва доимий тишлар бўлади. Сут тишлар доимий тишлар шаклига ўхшаш, лекин кичик ва илдизи бирмунча калтарок; улар эмизикли ёшда ёриб чиқади ва доимий тишлар билан алмашгунча, яъни 12-13 ёшгача туради. Болалар тиш ининг шаклланишида аёлнинг ҳомиладорлик даврида сифатли овқатланиши ва болаларни тўғри овқатлантириш (қ. Гўдак) муҳим аҳамиятга эга.

Тиш тузилиши. Тиш коронка, бўйин ва илдиздан иборат; коронка ва илдизни Т. бўйин чегаралаб туради. Тиш бўйин торайган бўлиб, унинг атрофидаги шиллиқ қават милк билан ўраб олинган. Коронка ва илдиз ичида Т. бўшлиғи ҳамда илдиз каналлари бор. Канал илдиз охирида тешик орқали Т. бўшлигига очилади, бу тешик орқали Т. бўшлигига қон томирлари ва нерв толалари ўтади. Тишнинг асосий қисмини дентин ташкил этади. Коронка қисми эмаль, илдизи суяк тўқима (цемент) билан қопланган. Тиш илдизи ва суяк катакчаси орасида уни ушлаб турувчи бойламлар (пайлар) бор; уларни илдиз қобиғи ёки периодонт дейилади. Периодондан Т. бўшлигига Т. ни озиқлантирувчи Томирлар ва нервлар киради. Тиш ичидаги бўшлиқда Т. эти ёки пульпа билан тўлган илдиз канали бор. Пульпа ғовак бириктирувчи тўқима, Томирлар, нервлар ва ҳар хил ҳужайралардан тузилган; пульпада Т. даги қаттиқ тўқималарнинг моддалар алмашинувига ёрдам берадиган ҳужайралар – одонтобластлар бор; улардан каналчалар орқали дентин ичига кириб борувчи шохчалар (тармоқчалар) чиқади.

Тиш куртагида биринчи дентин, кейин эмаль ҳосил бўлади. Аввал улар, асосан, органик модалардан иборат ўзига хос тўқимадан тузилган бўлиб, кейинчалик ҳомиладорликнинг 5-ойи охирига келиб, бу оралиқ моддаларга минерал моддалар, асосан, кальций тузлари сингий бошлайди. Минерал тузлар кристалл ҳолида ўтириб, эмаль ва дентинга қаттиқлик беради. Сут ҳамда доимий Т. ларнинг дентин ва эмадан тузилган коронкаси Т. чиқишидан олдиноқ шаклланиб бўлган бўлади. Эмаль жуда қаттиқ бўлиб, таркибида 96 % гача, дентинда эса 72 % ча анорганик (минерал) моддалар бор.

Тиш чиқиши маълум муддат ва тартиб асосида бўлади. Болаларда биринчи бўлиб пастки, кейин юқори кесувчи Т. лар чиқади (6-8 ойгача); бола 8-12 ойлигида аввал пастки ён, кейин юқориги ён кесувчи Т. лар чиқади. Сўнгра тартиб билан биринчи жағ (12-16 ой), қозиқ (120 ой) ва иккинчи жағ Т. (20-30 ой) чиқади. Соғлом болаларда бу муддат бироз илгарироқ ёки кечроқ кечиши мумкин. Кўпинча, бола 2 яшарлигида 20 та сут Т. чиқиб бўлади. Тиш чиқиши физиологик жараён бўлиб, одатда, оғриқ билан кечади; бу даврда бола иситмалаши, милки яллиғланиб, қичишиши мумкин; у безовта бўла бошлайди ва қаттиқ нарсалар (қошиқ, суякдан қилинган ва бошқа(лар))ни милкига ишқалагиси келади; сўлак безларининг фаолияти тезлашганлиги туфайли кўп сўлак ажрата бошлайди, болада бетоблик аломатлари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга кўрсатиш зарур.

Доимий Т. лар 5-6 ёшдан чиқа бошлайди; дастлаб биринчи катта жағ Т. (сут жағ Т. лар орқасидан) чиқади. 6-8 ёшда марказий кесувчи Т. (олдин пастки, кейин юқориги); 9-10 ёшда ён кесувчи Т. лар, 12-14 ёшда қозиқ ва кичик жағ Т. сут Т. лар ўрнига алмашиниб чиқади. Иккинчи катта жағ Т. 14 ёшда, ақл Т. эса, одатда, 16 дан 25 ёшгача чиқади. Доимий Т. лар чиқишдан олдин сут Т. лар илдизи сўрила бошлайди; бу чиқиб келаётган доимий Т. лар коронкаси тегиб турган ердан бошланади.

Одатда, Т. овқатни узиб олиш ва чайнаш вазифасини бажаради. Чайнаш овқат ҳазм қилишнинг бошланиши бўлиб, овқатни Т. билан майдалаш ва сўлак билан аралаштиришдан иборат. Сўлак таркибидаги ферментлар таъсирида оғиз бўшлиғида овқатни ҳазм қилиш бошланади. Овқатни оғизда яхшилаб майдалаш меъдда унинг тўла ҳазм бўлишига имкон беради. Тиш бутунлиги бузилса ёки оғрийдиган бўлиб қолса, овқат ҳазм қилиш ҳам издан чиқади.

Тиш аномалияси (Тишнинг қинғир-қийшиқ ўсиши) ҳар хил бўлади: айримлари фақат хунук кўринса (косметик нуқсон), бошқаларида чайнаш бузилиши мумкин. Масалан, бир гуруҳ Т. нинг туғма бўлмаслиги юз тузилишини ўзгартириб юборади. Баъзан айрим доимий Т. шаклланиб бўлган бўлишига қарамай, чиқмасдан жағ ичида қолиб кетади (ретинирланган Т.). Кўпинча, қозиқ ёки ақл Т. шундай бўлади. Тиш шаклланишининг бузилиши ҳомиладорлик даврида нотўғри овқатланиш билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Болалар жагининг бироз ўсмай қолишига чириган сут Т. ларни эрта олиб ташлаш ёки доимий Т. куртагининг сут Т. атрофидаги яллиғланиш оқибатида ириб, йўқолиб кетиши сабаб бўлади. Баъзан «ортиқча» Т. чиқади ёки зич жойлашиб қолади, кўпинча, марказий кесувчи Т. орасида катта оралиқ – диастема бўлади; агар Т. ўрни бўлмаса Т. лар ўз қатори ташқарисидан чиқади.

Тишнинг жуда эрта ёки кеч чиқиши Т. чиқиши бузилганлигидан дарак беради. Тишнинг кеч чиқиши кўпроқ нимжон (меъда-ичак фаолияти бузилган, зотилжам, рахит бўлган) болаларда кузатилади. Кўпинча, жағ суягининг ўсиши тугаганда ақл Т. чиқиши қийинлашади. Бунда тўлиқ чиқиб улгурмаган Т. коронкасини қолаб турган милк яллиғланади, ўз вақтида даво қилинмаса, яллиғланиш жағ сулги пардасига тарқалади (қ. Периостит). Тишнинг шаклланиши ва чиқиши даврида ўзгаришлар бўлса, болани стоматолог шифокорга кўрсатиш зарур, у касалланиш сабабини аниқлаб, тегишли даво тайинлайди; лозим бўлса, соҳа мутахассислари жалб этилади. Тиш пайдо бўлиши ва шаклланиши даврида бола организмида моддалар алмашинувининг бузилиши (ўткир инфекция, тўлиқ овқатланмаслик) натижасида Т. нинг қаттиқ тўқимаси тўла ривожланиб улгурмайди (бу эмаль гипоплазияси деб аталади).

Баъзан дентин эмаль билан қопланмай қолади. Бундай тиш, одатда, «оғримайди», лекин чириган бўлади, шунинг учун болани вақвақти билан стоматолог шифокорга кўрсатиб турган маъқул.

Тиш шикастларидан унинг қимирлаб қолиши (тушиши), коронкасининг бир қисми четнаши, илдизи синиши кўпроқ учрайди. Бунда Т. қаттиқ оғриб, атрофидаги тўқималар шишади. Тиш шикастланганда ўз вақтида стоматолог шифокорга мурожаат қилиш керак. Тиш янги шикастланганда даво қилинса, унинг илдизи сақлаб келинади.

Тиш касалликларидан энг кўп тарқалгани унинг чиришидир (қ. Тиш чириши). Тиш касалликларининг вужудга келишида Т. да ҳосил бўладиган қатламлар муҳим роль ўйнайди (қ. Тиш тоши). Тиш чириши ўз вақтида даволанмаса, пульпага ўтиб, уни яллиғлантиради (қ. Пульпит), кейинчалик яллиғланиш Т. атрофидаги тўқимага ўтади (қ. Периодонтит). Ҳатто чириб емирилган Т. ни муддатидан олдин олиб ташлаш бола жағининг ўсишини тўхтатади ва Т. ривожланишининг бузилишига олиб келади. Агар Т. атрофида яллиғланиш бўлса, кўпинча, доимий Т. лар куртаги шикастланади. Лекин доимий Т. ларнинг чиқишига сут Т. лар тўсқинлик қилаётган бўлса, уларни олиб ташлаш учун стоматологга мурожаат қилиш керак. Доимий Т. ларни олиб ташлаш эса организм учун зарарсиз деб бўлмайди. Тишни даволаб бўлмаган тадирдагина олиб ташланади.

Тиш чиришидан ташқари флюороз, Т. нинг патологик сийқаланиши ва гиперстезияси (сезувчанлиги ортиши) каби касалликлари ҳам учрайди.

Тиш флюорози ичиладиган сувда фтор миқдори ортиб кетиши билан боғлиқ бўлиб, унинг олдини олиш учун сув фторсизлантирилади.

Тишни ва оғиз бўшлиғини тўғри парвариш қилиш Т. касалликларининг олдини олиш ва ўз вақтида даволаш имконини беради; йилда 2 марта стоматолог шифокорга кўриниб, у тавсия этган турли профилактик чора ва давони бекаму кўст бажариш Т. ҳолатини яхши сақлашда муҳим роль ўйнайди.

[addtoany]