Гемато-энцефалик тўсиқ [гемто… ва юн. enkephalos – бош мия] – орқа мия суюқлиги ва мия ўртасидаги моддалар алмашинувини танлаб бошқарадиган физиологик тузилма, тўсиқ. Г-э. т. таркибига мия капилярлари эндотелийси, нейроглия элементлари, мия томирларининг чигаллари, мия қобиқлари ва бошқа(лар) киради. Г-э. т. марказий нерв тизимини қонга ёт моддалар (заҳарлар, вируслар ва ҳ. к.), шунингдек, дори моддалари (маргимуш, симоб бирикмалари) тушишидан ҳимоя қилади ҳамда орқа мия суюқлигининг таркиби ва хоссаларини тартибга солиб туради. Г-э. т. фаолияти вегетатив нерв тизими ва ички секреция безлари ажратган маҳсулотлар томонидан бошқарилади. Г-э. т. гистогематик тўсиқлар гуруҳига мансуб.
[addtoany]