Генетик таҳлил – организмлардаги ирсият ва ўзгарувчанликни ўрганиш усуллари йиғиндиси. Генетик таҳлил ёрдамида организмлар белги ва хусусиятларининг ўзига хос ривожланиш фарклари ўрганилади, бу фарқларни назорат қилувчи генлар миқдори ҳамда уларнинг ўзаро таъсир характери аниқланади. Генетик таҳлил цитогентик, молекуляр-генетик, популяцион, анеуплид, мутацион ва гибридологик тахдилларни ўз ичига олади. Цитогенетик усул ёрдамида хромосомалар тузилиши ва вазифалари билан маълум белгининг ривожланиши ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ўрганилади. Молекуляр-генетик усулдан генларнинг молекуляр тузилиши билан улардаги мавжуд ахборот (информация)га мувофиқ синтезланувчи оқсиллар орасидаги муносабатларни ўрганишда фойдаланилади. Популяцион усул генетик тадқиқотларда математик ва вариацион статистика усулларини қўллашга асосланган. Моносом ва нуллисом хромосомалардан фойдаланишга асосланган анеуплоид усул геномнинг ҳар бир хромосомасида жойлашган генларни, шунингдек, айрим хромосомаланинг ирсий аҳамиятини аниқлашга имкон беради (қ. Моносом таҳлил). Мутацион усул ёрдамида радиация ва кимёвий моддаларнинг организмга кўрсатадиган мутаген таъсири ўрганилади; айрим локус (ген)лардаги мутцияларнинг содир бўлиш даражаси, спектри, табиати ҳамда хромосома аберрация (аномал тузилиш)ларининг характери текширилади.
[addtoany]