Гермафродитизм, хунасалик [юн. Hermaphroditos – Гермафродит (Гермес ва Афродита ўғли; икки жинсли бола)] – бир организмда эркаклик ва урғочилик жинсий аъзолари бўлиши. Чин (табиий) ва сохта (аномал) хиллари бор. Чин гермафродитизм ҳайвонлар орасида кенг тарқалган. Қориноёқли моллюскалар, ясси чувалчанглар, камтукли ҳалқали чувачангларнинг деярли барча турлари, бир қанча бўшлиқичлилар, мўйловоёқли кисқичбақасмонлар, айрим балиқлар гермафродит бўлади. Чин гермафродитизмда битта организмнинг ўзида икки хил (урғочилик ва эркаклик) жинсий ҳужайралар ҳосил бўлади. Бироқ кўпчилик турларда ўз-ўзидан уруғланишга монелик қиладиган, яъни яқин инбридингга имкон бермайдиган механизмлар мавжуд (масалан, жинсий ҳужайраларнинг бир вақтда етилмаслиги, жинсий апаратнинг тузилиши уруғ ҳужайрасининг ўша организм жинсий органига тушишга имкон бермаслиги). Деярли барча хордали ҳайвонлар ва одамда фақат касалликнинг сохта тури учрайди. Сохта гермафродитизмда муайян жинсий безлар (мояк ва тухумдон) ташқи ёки ички жинсий аъзоларга мос келмайди. Сохта гермафродитизм ташқи ва ички бўлади. Эркакладаги ташқи сохта гермафродитизмда уруғдон бўлади-ю, лекин ташқи жинсий аъзоси аёлларникига бир қадар ўхшаб кетади. Эркакларнинг ички сохта герафродитизмида тухумдон, етилмаган простата бези ва уруғ пуфакчалари билан бирга бачадон найлари (уруғ йўллари) ҳам бўлади. Аёллар сохта гермафродитизм кам учрайди. Бунда тухумдон бўлади-ю, лекин ташқи жинсий аъзо ва иккиламчи жинсий белгилар қисман эркакларникига ўхшайди.
Сохта Г. билан туғилган болалар жинсини аниқлаш қийин. Бунинг учун замонавий цитогенетик усуллар ёрдамида одамнинг хромосмалари текширилади. Бу касаллик жарроҳлик усуллари ва гормонал препаратлар билан даволанади.
[addtoany]