Ғилайлик

Ғилайлик – кўзнинг норасо ҳолати, бунда бир кўз қорачиғи кўрилаётган буюмга тўғри қараган, иккинчиси эса бурун томонга (яқинлашувчи ғилайлик) ёки чеккага (узоклашувчи ғилайлик) оғган бўлади. Функционал ғилайлик ва фалажланиш ғилайлик фарқ қилинади. Функционал ғилайликда кўз ташқи мушаклари, уларнинг оптик аппарати ёки кўз тўр пардасининг фаолияти бузилади. Кўпинча, ёш болаларда учрайди. Болаларда икки кўзнинг ҳамкорликда меъёрий ишлаш фаолияти 2-3 ёшидан бошлаб ривожланади. Шу даврда бола қаттиқ қўркса ёки қизамиқ, скарлатина, дифтерия, грипп каби оғир юқумли касалликлар билан касалланса ёки кўз нур синдириш фаолияти нормал ривожланмаса, функционал ғилайлик пайдо бўлади. Уни дори-дармон, узоқ давом этадиган турли кўз машқлари ёки операция йўли билан даволаш мумкин. Функционал ғилайликда соғ кўз қўл билан беркитилса, ғилай кўз тўғри тура олади. Фалажланиш ғилайлигида эса соғ кўз қўл билан беркитилса, ғилай кўз шундайлигча тураверади, тўғрига карай олмайди. Чунки унинг ташқи мушаклари шикастланган ёки мия қобиғи пардаларининг яллиғланиши натижасида бутунлай фалажланган бўлади. Бу ғилайликни операция йўли билан даволаш қийин. Ғилай кўз доим яхши кўрмайди, чунки нур унинг кўз ичи сариқ доғида эмас, балки ўша қийшиқ кўз қорачиғи рўпарасидаги бошқа нуқтага тушади. Шу боис Ғ. ни қанча тез даволанса, шунча яхши. Биринчи навбатда, бола кўзини текширтириб, кўзойнак такдириш керак. Сўнгра унинг кўриш қобилиятини ўстириш учун соғ кўз беркитиб қўйиб, ғилай кўзга турли машқлар буюрилади. Булар фойда бермаса, операция қилинади. Ҳоз. микрохирургик йўл билан 2-3 яшар болалардаги Ғ. тузатилмоқда.

Загрузка...