Гиперкератоз [гипер… ва юн. keratos – мугуз, шох модда] – тери мугуз қаватининг қалин тортиб қаттиқлашиши. Ташқи (узоқ вақт босилиб туриш, ишқаланиш, ва бошқа(лар)) ҳамда ички (эндокрин безлар фаолиятининг бузилиши, А гиповитаминоз) омиллар келтириб чиқариши мумкин. Гиперкератозда мугуз тангачалар, катта-кичик тугунчалар, бўртмачалар пайдо бўлади; тери курийди, бемор кам терлайди. Терининг мугуз қавати ёрилади, пўст ташлайди, баъзан оғрийди. Гиперкератоз чекланган (қадоқ, сўгал, кератома) ва диффуз, яъни кўп жойга ёки бутун бадан терисига тарқалган бўлади. Бемор содали ёки совунли ванналар, А витамини, терининг мугуз қаватини юмшатиб, шилиб туширадиган сурмалар билан даволанади.
[addtoany]